27 февраль куни Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида Ўзбекистон Суперкубоги ўтказилади. Ҳамманинг хабари бор, майдонда “Пахтакор” билан “Насаф” футболчилари жанг олиб боришади.
Ёдингизда бўлса, ўтган йилги мавсумни ҳам айнан иккала клуб якунлаб беришганди. Ўшанда Самарқанддаги “Динамо” стадионида Ўзбекистон Кубоги финалида беллашишган бўлиб, қаршиликлар иродали тарзда ютиб кетишганди. Бу сафар ҳам “Пахтакор” – “Насаф” ўйини орқали янги футбол мавсуми бошланади. Ҳар сафар бу клублар иштирокидаги баҳсга эътибор ва қизиқиш катта бўлади. Чунки ушбу жамоалар бир-бирига жиддий рақиб саналади. Мағлубиятни жуда оғир қабул қилишади. Дарвоқе, ўтган йилги мавсум аввалида ҳам ушбу клублар Суперкубок учун майдонга тушишган ва унда “Пахтакор”нинг қўли баланд келганди.
Ўртага Кубок тикилган учрашувларда футболчилардаги иштиёқ ҳамда шижоат ҳар қачонгидан баланд бўлади. Қолаверса, мураббийлар учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, “Пахтакор”нинг янги бош мураббийи Славче Войнески бир уринишдаёқ титул ютиш имкониятига эга бўлиб турибди. Бунинг учун у қаршисида турган Ўзбекистоннинг 5 карра энг яхши мураббийи – Рўзиқул Бердиев тўсиғидан ўтиши талаб этилади. Ушбу муҳим ўйин олдидан юртимиздаги тажрибали мутахассислардан бири – Дилшод Нуралиев жамоаларнинг имкониятини баҳолади.
“Агар стадион мухлислар билан лиқ тўлса, ўйин янада қизиқарли ўтади”
- Бу ўйин жуда қизиқ ўтади. Нега деганда, майдонда чемпион ҳамда Кубок эгаси ўйнайди. “Насаф” жамоаси ўтган йилги таркибини деярли сақлаб қолди. “Пахтакор”га келсак, таркибида яхшигина ўзгаришлар бўлди. Бу сафар уларнинг таркиби бир мунча ёшартирилди. Шунга қарамай, Яйпанда жуда яхши ўйин бўлади. “Пахтакор” барибир шаклланган жамоа. Клуб академиясидан истеъдодли ёшлар қўшилишган. Нима бўлганда ҳам бу жамоанинг ўйин чизмаси сақланиб қолган. Менимча, бу томошабоп беллашув бўлади. Агар стадион мухлислар билан лиқ тўладиган бўлсак, ўйин бундан ҳам кескин ва қизиқарли ўтади.
“Менимча, ҳаммаси қўшимча вақтда ҳал бўлади”
- Учрашувда ким ғолиб бўлади? Менимча, ҳаммаси қўшимча вақтларда ҳал бўлади. Ҳозир мавсум боши бўлгани сабабли клубларнинг ўйини ҳали шаклланиб улгурмаган. Албатта, “Пахтакор” бу сафар ютишга бор кучи билан ҳаракат қилади. Чунки бу жамоаларнинг охирги Ўзбекистон Кубоги финалидаги беллашувида “Насаф” ютиб кетганди. Менинг фикрим шундай: учрашувнинг асосий вақти дуранг билан тугаб, қўшимча бўлимларда “Насаф” ғалаба қозонса керак.
“Насаф”да ташаббус бор”
- Ростини айтадиган бўлсам, мазкур қарама-қаршиликда “Насаф” жамоасини фаворит деб ҳисоблаяпман. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, ўтган йилги таркибни сақлаб қолишган. “Пахтакор”да бўлса асосий таркибидан бир қатор ўйинчилари кетган. Ўйини барибир ҳозирча 100 фоизга шаклланмаган. Янги келган футболчиларнинг клубга киришиб кетиши ва ўйинчилар билан ўзаро бир-бирларини тушуниб олишлари учун вақт керак. Шу томонлама “Насаф”да ташаббус бор.
“Пахтакор” ҳам ғалаба учун курашади, лекин...”
- Албатта, “Пахтакор”га янги мураббий келган. Унинг ишини чемпионатда кўрамиз. Ҳозир эса бир нима деб бўлмайди. “Пахтакор”нинг Тошкентдаги ўртоқлик учрашувларини кўра олмадик. Туркияда ҳам назорат беллашувларини ташкил қилди. Аммо ушбу баҳсларини ҳам кузата олганимиз йўқ. Охирги ўртоқлик беллашувида “Динамо” Киев билан 0:0 ўйнади. Шубҳасиз, “Пахтакор” ҳам ғалаба учун курашади. Лекин, барибир менинг фикримча, “Насаф” бу ўйинда ғолиб чиқади.
“Бозоровнинг йўқлиги жиддий йўқотиш, аммо ўрнини тўлдиришади”
- Бундай муҳим учрашувда масъулият иккала жамоадаги барча 11 нафардан ўйинчиларга тушади. Дарвозабондан тортиб ҳужум чизиғигача ҳамма футболчиларнинг ўз вазифалари бўлади. Аммо жамоа лидерлари бундай пайтда кўп нарсани ҳал қилишса ажаб эмас. “Пахтакор”да Драган Черан, “Насаф”да Хусайн Норчаев ва Марко Станоевич. Ойбек Бозоров эса ўйнамайди. Унинг учрашувда иштирок этмаслиги “Насаф” учун жиддий йўқотиш бўлади. Шунга қарамай, бу жамоада иқтидорли ўйинчилар кўп. Бозоровнинг ўрнини тўлдиришади. Назаримда, олдинги чизиқда ўйнайдиган Норчаев билан Станоевич зиммасига жиддий масъулият тушади. Уларга кўп нарса боғлиқ. Тўғри, “Насаф” селекцияда кўп ўйинчи олгани йўқ. Негаки, ўз академиясидан яхши ёшлар етишиб чиқяпти. Шу сабабли нима кераги бор, ортиқча пул ишлатишни?!
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди
Сирдарёда ЙТҲ содир этган ҳайдовчидан пул олган ЙПХ ходими қамалди