15:11 / 07.04.2022
1 091

Диёр Имомхўжаев кўпчиликни қизиқтирган саволга жавоб берди

Диёр Имомхўжаев кўпчиликни қизиқтирган саволга жавоб берди
ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида футбол ўйинларининг бошланиш вақтлари ҳақида маълумот берди.

- Рамазон ойидаги футбол учрашувлари вақти юзасидан турли хил фикрлар ҳар йили янграб туради. Масалан, кимдир футболчилар ҳам одам, улар оғиз очмайдими, дейди. Бошқаси рўза ҳақидамас, ишидан чиқиб келиб футбол кўриш истагини билдиради ва ҳоказо.

Афсуски, бизда ҳамманинг истагини бирдек амалга ошириш имконияти мавжуд эмас. Ўтган йилги ваъдамизга вафо қилиб, Суперлига учрашувларини иш вақтида старт олдирмайдиган даражага бир амаллаб олиб чиқдик. Шанба-якшанба кунлари Европа футболи билан рақобатлаша олмаётганимизни тушунтирдик. Айтайлик, трансляция масаласи ҳақида ўйламай, ўша кунларга ўйинлар қўйиб чиқишимиз мумкин. Бу ҳолда футболни уйидаги диванида ётиб кузатадиган акалар ҳафа бўлади. Кейин еврофутболни хуш кўрувчи кимдир ўз вилоятидаги бирор жамоа ўйинига боргандан кўра, уйида (ёки дўстлари билан чойхонада) МЮ ёки "Ливерпуль" ўйинини кўришни кўпроқ истаб қолиши мумкин.

Футбол авваламбор мухлислар учун ўйналади. Шуни ҳис қилгани ҳолда футболчиларимиз оғизларини ё майдонда ёки кийим алмаштириш хонасида очишга ҳаракат қилишяпти. Мен эсимни таниган вақтларимдан буён Тошкентга келадиган араб жамоалари ҳам шундай қилишарди. Рамазон сабримизни янада тарбиялайдиган ва йилда бир келадиган байрам.

Ўзбекистон кубоги учрашувларига вақт белгилаётганда асосан икки жиҳатга қараяпмиз. Ўз мухлислари ва футболчилари ҳурмати прожекторларини созлаб қўйган клубларнинг уй учрашувлари танаффус вақти оғиз очиш фурсатига тўғри келиши учун ҳаракат қилиняпти. Шунингдек, кўп миллат ва элат яшайдиган Ўзбекистоннинг футболга қизиқувчи бошқа қатлами ишидан бироз эртароқ чиқиб, футболга етиб келишини ҳам ўйлашимиз керак. Албатта, ўйинларни умуман ифторликдан кейин қилиш имконияти ҳам бор (шуни сўраётганлар ҳам бор). Биз бунда таровеҳ намозини ҳам ёддам чиқара олмаймиз.

Яъни, соддароқ тушунтирганда, Рамазон ойининг фарзларини тўлиқ адо этадиган ишли одам стадиондан туриб (балки уйидан) футбол томоша қилиши учун ҳаракатдамиз. Шу билан бирга, бошқаларни ҳам ёддан чиқара олмаймиз. Футбол айнан мухлислар учун ўйналишидан келиб чиқиб, футболчиларнинг, футбол атрофидагиларнинг, ОАВ ёки ТВ ҳодимларининг айни ифторлик вақтида иш билан банд бўлишларига кўз юмамиз. Рамазон байрам — бунда ўз ишидан роҳат олиб ишлаш икки ҳисса байрам.

Прожектори йўқ клублар уй учрашувларини ифторликка қадар якунлаб олишяпти. Бошқа чорамиз йўқ. Чунки свет бўлмаса, ой ёруғида футбол ўйната олмаймиз. Ва, албатта, талабларимиз билан вақти келиб уларга ҳам прожектор қилдирамиз, бошқа йўли йўқ. Футболчи ҳам, мухлис ҳам одам, ёзга бориб қуёш нурида футбол ўйнаш ёки кўриш осон иш эмас.

Хуллас, талаб ва таклифларни эшитяпмиз, ўрганяпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Менимча, бу ҳеч нарсага қарамай, ҳеч қандай принципсиз футбол ўтказаверишдан яхшироқ. Ишонамизки, сиз ҳам бизни тушунасиз, - деди Диёр Имомхўжаев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Диёр Имомхўжаев кўпчиликни қизиқтирган саволга жавоб берди