Apple компаниясининг iPhone 15 Pro моделлари янги 2ТБ максимал хотира билан тақдим этилиши мумкин. Бу ҳақда компания атрофидаги миш-мишларни ёритувчи MacRumors порталида айтилади.
Кореянинг Naver блогидаги еух1122 янгиликлар агрегатори хабарига кўра, компаниядаги манба iPhone 15 Pro ва iPhone 15 Pro Мах модели iPhone 14 Pro моделларига қараганда икки баравар кўп максимал хотира сиғимига эга бўлишини тасдиқлаган.
Бундан ташқари, Weibo сайтида ҳам шундай хабар жойлаштирилган ва унда янги Pro моделлари энг камида 256 Гб хотирага эга бўлиши (ҳозирги моделларда 128 Гб) кутилаётгани айтилган.
Хабарга кўра, Apple тўртта мавжуд хотира сиғимини қўллаб-қувватлайди — 256 гигабайт, 512 гигабайт, 1 терабайт ва 2 терабайт. Хотира сиғимининг бундай кескин оширилиши Apple бу йил iPhone 15 Pro моделлари нархини кўтариши ҳақидаги миш-мишларга ҳам мос келади.
Bloomberg мухбири Марк Гурман ва технология таҳлилчиси Жефф Пу бу йил Pro моделлари нархининг ошишини Proгноз қилмоқда. Пунинг фикрича, iPhone 15 Pro’нинг бошланғич нархи 1099 доллар бўлиши мумкин — iPhone 14 Pro 999 доллардан бошланар эди. Агар бу рост бўлса, iPhone 15 Pro Мах 1 199 доллардан бошланиши мумкин.
Шу билан бирга, портал 2 ТБ борасидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва Apple шунчаки даромадни ошириш учун қурилмалар нархини ошираётган бўлиши мумкин, деб таъкидлади. Чунки ўтган йилги iPhone 14 Pro моделлари ҳам 2 ТБ хотира билан чиқиши ҳақида миш-мишлар тарқалган, аммо бундай бўлмаган эди.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, iPhone 15 тақдимоти 13 сентябрда бўлиб ўтиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг