14:54 / 29.01.2025
2 306

Ўзбекистон Туркиядан яна ҳарбий дронлар сотиб олади

Ўзбекистон Туркиядан яна ҳарбий дронлар сотиб олади
Фото: Turkish Aerospace Industries
Туркиянинг TUSAS компанияси тез орада Ўзбекистонга ANKA дронларини етказиб беришни бошлаши кутилмоқда. Бу ҳақда Туркиядаги мудофаа саноати ва ҳарбий авиация янгиликларига ихтисослашган SavunmaSanayiST порталига таяниб Kun.uz хабар бермоқда.

Ўзбекистон томони TUSAS билан нечта дрон ва қандай нархларда сотиб олиш бўйича келишув имзолангани бўйича маълумот бермаган.

Туркиянинг глобал миқёсдаги мудофаа саноати маҳсулотлари, жумладан ҳарбий учувчисиз қурилмалар бозоридаги ўрни ошиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон шартнома имзолагани айтилаётган ANKA дронларидан Туркияда қуролли кучларидан ташқари Жазоир, Қозоғистон, Тунис, Малайзия, Индонезия ва Чад армияси ҳам фойдаланади.

AKSUNGUR дрони
Икки двигателли AKSUNGUR дрони ҳавода 50 соатдан ортиқроқ қолиши ва 750 килограмм миқдордаги фойдали юкни кўтариб учиши мумкин.

ANKA дрони
Бир двигателли ANKA SIHA дрони эса ҳавода 30 соатгача қолиши мумкин ва 350 килограмм фойдали юк кўтариш қувватига эга. Иккала қурилма ҳам турбодизелли авиация двигателларидан фойдаланади.

Очиқ маълумотларга кўра, ANKA дронининг экспорт нархи 25 миллион доллардан ошади. Хусусан, 2020 йилда Тунис Мудофаа вазирлиги Туркиядан 80 миллион долларга 3 та айни шу типдаги қуролларни сотиб олган. 2023 йилда эса Индонезия мудофаа вазирлиги 300 миллион долларга 12 та ANKA дронларини сотиб олиш бўйича келишув имзолаган. Ушбу келишув ва нархлар – дронларни фойдаланиш бўйича ҳарбийларни ўқитиш, дронлар учун бир неча комплект ўқ-дорилар ва уларни бошқариш пункти каби қўшимчаларни ҳам ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябр ойида Ўзбекистон қуролли қучлари олий бош қўмондони, президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги ҳарбий қисмга ташриф буюрган ҳамда унга Туркиянинг BAYRAKTAR TB2 разведка-зарба дрони парвози намойиш этилганди.

2024 йил 6 июнда Шавкат Мирзиёев Анқарага ташрифи давомида Туркия аэрокосмик компаниясида бўлиб, туркларнинг энг янги Каан қирувчи самолёти тақдимоти билан танишган.

Шунингдек, давлат раҳбари 2024 йил 26 июн куни Тошкентда Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер бошчилигидаги делегацияни қабул қилган ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида гаплашган эди.

Бундан ташқари, 2024 йил декабр ойида Олий Мажлис Сенати қўмита мажлисида маъруза қилган Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал майор Шуҳрат Холмуҳамедов армия машғулотларда асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга, уларга қарши курашиш ва бошқарув маҳоратини оширишга, янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилишига қаратилганини айтиб ўтган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно