
Массачусетс технология институти олимлари ўтказган янги илмий тадқиқот натижалари сунъий интеллектнинг инсон мияси ва ақлий фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини аниқлади. Бу ҳақида LADBible нашри хабар бермоқда. Ушбу тадқиқот ўз натижалари билан кўпчиликни ҳайратга солди ва технологиядан фойдаланишда эҳтиёткорликка чақирмоқда.
Тажриба доирасида жами 54 нафар талабага иншо ёзиш топширилди ва улар учта гуруҳга бўлинди: биринчи гуруҳдаги талабаларга ChatGPT ва бошқа катта тил моделларидан фойдаланиш имконияти берилди. Иккинчи гуруҳ интернет қидирув тизимларидан фойдаланди, учинчи гуруҳ эса ҳеч қандай ёрдамсиз топшириқларни бажарди.
Тадқиқот жараёнида электроэнсефалография ёрдамида ҳар бир талабанинг мия фаолияти доимий кузатиб борилди. Аниқланганидек, мунтазам равишда сунъий интеллект тизимларидан фойдаланган талабаларда мия фаолияти ва когнитив функциялар кескин пасайиб кетган. Улар маълумотларни эслаб қолишда қийинчиликка дуч келишган, фикрларни тўлиқ ва аниқ ифодалай олмаган ва ақлий юклама сезиларли даражада камайганини кўрсатганлар. Бу ҳолат, айниқса, тўрт ой давомида сунъий интеллект воситаларидан мунтазам равишда фойдаланган талабаларда яққол кузатилган.
Тадқиқотнинг яна бир қизиқ натижаси шундаки, талабалар гуруҳларини ўзгартирганда, яъни сунъий интеллектдан мустақил ишлашга қайтишганда ақлий функциялари тез тикланмаган. Шу билан бирга, бошида сунъий интеллектсиз ишлаган ва кейин ундан фойдаланган талабалар бошида самарадорлик кўтарилишини кўрсатган бўлса-да, вақт ўтиши билан уларнинг ҳам натижалари пасайиб кетган.
Мутахассислар таъкидлашича, сунъий интеллект инсон ҳаёти учун фойдали восита бўлиши мумкин, бироқ ундан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш инсоннинг ақлий қобилияти ва танқидий фикрлаш ривожига жиддий зарар етказиши эҳтимоли юқори. Бу эса, айниқса, таълим муассасаларида кенг тарқалиши ва билим сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин бўлган хавфли тенденция ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу тадқиқот сунъий интеллект технологияларининг экологик таъсирини ҳам ўрганган. Маълум бўлишича, ChatGPT каби тизимлар катта миқдордаги энергия ва ресурсларни талаб қилади. Ҳар 10-50 та сўров учун, серверларни совутиш мақсадида тахминан 50 мл сув керак бўлар экан. Ортиқча матн ва кераксиз сўровлар эса маълумотларни қайта ишлаш ҳажмини ошириб, энергия истеъмолини янада кўпайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ChatGPT тизими Британиялик бир аёлнинг қўлидаги сурат асосида унинг жиддий тиббий ёрдамга муҳтож эканлигини аниқлаб, зудлик билан шифохонага боришни маслаҳат берган эди. Бу каби ҳолатлар сунъий интеллектнинг ижобий тарафларини кўрсатган бўлса-да, унинг салбий оқибатлари ҳам жиддий ўрганилиши кераклигини яна бир бор тасдиқлайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар