Германия мудофаа саноатида янги босқич бошланди — мамлакат чуқур зарба бера оладиган, операторнинг тўғридан-тўғри аралашувисиз нишонларга аниқ зарба йўллай оладиган автоном “камикадзе” дронларини ишлаб чиқиш учун миллиард долларлик йирик танловни бошлади, деб хабар берди немис оммавий ахборот воситалари.
Бу турдаги замонавий учувчисиз учиш аппаратлари минглаб километр масофани босиб ўтиш, душман мудофаасини мустақил равишда йўқ қилиш ва манзилга тез етиб бориш имкониятига эга бўлади. Ушбу тизимлар анъанавий баллистик ва қанотли ракеталарни тўлдириши, Бундесверга стратегик масофада зарба бериш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, федерал ҳукумат Германиянинг етакчи мудофаа концернлари ва инновацион стартапларига техник талаблар рўйхатини аллақачон юборган. Лойиҳа доирасида бир неча компаниялардан иборат консорциумлар рақобатга киришган.
Дастлабки босқичда камида учта консорциум иштирок этиши, 2029 йилга қадар биринчи намунавий дронларни етказиб бериш кутилмоқда. Бу Германия мудофаа салоҳиятини сезиларли даражада кучайтириши ва мамлакатни учувчисиз технологиялар соҳасида Европа лидерига айлантириши мумкин.
Мутахассислар ва ҳарбий таҳлилчилар янги дрон тизими Германия армияси учун стратегик устунлик бериши, миллий хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидламоқда. Яқин йилларда лойиҳанинг ривожи ва амалий натижалари катта қизиқиш билан кузатилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!