date

Хитойда ошпаз-робот тақдим этилди: кундалик ҳаёт ёрдамчиси

Хитойда ошпаз-робот тақдим этилди: кундалик ҳаёт ёрдамчиси

Берлин шаҳрида ўтган IFA 2025 халқаро кўргазмаси яна бир инновацияга гувоҳ бўлди. Хитойнинг Ant Group компанияси ўзининг янги ишланмаси — Robbyant R1 одамсимон роботини оммага намойиш этди. Ушбу қурилма нафақат овқат тайёрлаш, балки музейларда гидлик қилиш ёки дорихоналарда ёрдамчи вазифасини бажаришга ҳам қодирлиги билан ажралиб туради.

R1 ошхонадаги турли вазифаларни мукаммал бажара олади: масаллиқларни танлаш, плита олдида ишлаш, таом тайёрлаш ва дастурхонга тортиш каби жараёнларни аниқлик билан амалга оширади. У нима қилиш кераклигини бошидан охиригача англайди: куракчани олишдан тортиб таомни хизматга тайёрлашгача. Бунинг барчаси роботга жорий этилган BaiLing сунъий интеллект тизими ёрдамида амалга оширилмоқда.

Ишнинг аниқлиги эса фазовий идрок тизими орқали таъминланади. Робот пичоқ, тахта ёки сабзавот каби буюмларни ажрата олади ва улар билан иложи борича эҳтиёткорлик билан ишлайди. Махсус сенсорлар ва алгоритмлар унга ҳаракатларни самарали ва хавфсиз бажариш имконини бермоқда.

Компания вакилларининг таъкидлашича, R1 фақат ресторанларда эмас, балки соғлиқни сақлаш муассасаларида, туризм соҳасида ҳамда кексаларга хизмат кўрсатишда катта ёрдамчи бўлиши мумкин. Шу боисдан, роботдан нафақат хизмат кўрсатиш тармоқларида, балки кундалик турмушда ҳам кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Ant Group, маълумки, Alibaba Group таркибига киради. Компания европалик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш устида иш олиб бораётгани хабар қилинди. Мутахассислар фикрича, ушбу инновация келгусида бутун дунё ресторанлари ва хизмат кўрсатиш соҳасини тубдан ўзгартириши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Хитойда ошпаз-робот тақдим этилди: кундалик ҳаёт ёрдамчиси