Халқаро илмий жамоа тиббиёт соҳаси учун инқилобий аҳамиятга эга бўлган янги технологияни тақдим этди. Олимлар инсон саломатлигида пайдо бўлиши мумкин бўлган турли касалликлар хавфини узоқ муддат олдиндан башорат қила оладиган сунъий интеллект моделини ишлаб чиқишди. Delphi-2M деб номланган мазкур тизим мингдан зиёд касаллик турларини таҳлил қилиб, баъзан муаммоларни 10 йил олдиндан кўрсатиб бериши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Модельнинг ишлаш принципи шифокор ёзувлари, шифохонада йиғилган маълумотлар ва инсон турмуш тарзи омиллари (масалан, чекиш одати, овқатланиш тартиби, жисмоний ҳаракат даражаси)ни бирлаштириш орқали амалга ошади. Мутaхассислар таъкидлашича, Delphi-2M метеорологик об-ҳаво прогнози каби эҳтимолий хулосалар асосида саломатликдаги хавфларни кўрсатиб беради.
Ушбу сунъий интеллект дастлаб Буюк Британиядаги UK Biobank маълумотлари (400 мингдан зиёд иштирокчи)да ўқитилди. Кейинчалик эса Даниянинг миллий соғлиқни сақлаш тизимидаги 1,9 миллиондан зиёд фуқаро маълумотлари билан текширувдан ўтказилди. Тадқиқот натижалари Delphi-2M юрак хуружи, диабет ва сепсис каби хавфли касалликларни юқори самарадорлик билан аниқлашини кўрсатди. Бироқ, тасодифий инфекцияларни башорат қилишда унинг имкониятлари ҳали чеклангани қайд этилди.
Олимлар фикрича, бу технология келгусида тиббиёт амалиётини тубдан ўзгартириши мумкин. Шифокорлар сунъий интеллект ёрдамида беморларга индивидуал маслаҳат бериши, хавфни пасайтириш учун турмуш тарзида ўзгаришларни тавсия қилиши ёки зарур ҳолларда олдиндан даволаш чораларини кўриши мумкин. Шунингдек, бутун соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам катта аҳамият касб этади, чунки касалликлар тарқалиш тенденцияларини олдиндан ҳисоблаш ва шифохоналар юкламасини режалаштириш имкони яратилади.
Лойиҳа Германиянинг Саратонга қарши тадқиқот маркази (DKFZ), Европа молекуляр биология лабораторияси ҳамда Копенгаген университети олимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Тадқиқот натижалари нуфузли халқаро илмий нашр — Nature журналида эълон қилинди.
Мутахассислар келгусида моделни янада такомиллаштириш мақсадида унга генетик маълумотлар, қон таҳлиллари ва тиббий тасвирлар базасини ҳам қўшишни режалаштиришган. Шу билан бирга, турли ёш гуруҳларини қамраб оладиган янада йирик клиник маълумотлар билан ишлаш йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!