Macда Logitech хатоси машҳур сичқонларни ишдан чиқарди

Apple’нинг Mac компьютерлари эгалари Logitech қурилмалари билан кутилмаган носозликка дуч келди: 2026 йил 6 январ куни кечқурун Options+ иловаси бутун дунё бўйлаб оммавий равишда ишга тушмай қолди. Муаммо сабаби оддий — компанияда масъуллар Apple ишлаб чиқувчи сертификатини ўз вақтида янгилашни унутган. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Носозлик MX Master каби флагман сичқонлар ва G HUB орқали ишлайдиган ўйин перифериясининг имкониятларига ҳам таъсир қилди. Бренд дастурисиз макрослар, gesture’лар ва қўшимча тугмаларни созлаш каби функциялар ишламайди, қурилмалар эса амалда оддий офис сичқонига айланиб қолади.
Logitech муаммони тан олди ва тез орада тузатиш чиқарилишини айтди, бироқ аниқ муддат ҳозирча очиқланмади. Айрим фойдаланувчилар вақтинчалик ечим сифатида тизим санасини ўзгартиришни синаб кўрган, аммо бу усул тармоқ протоколлари ва бошқа хизматлар ишлашига халақит бериши мумкинлиги сабаб тавсия этилмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!