Босч шкаф ичига беркинадиган робот-чангюткични тақдим этди

"Босч" ва "Эcоваcс" компаниялари замонавий ошхоналар учун мўлжалланган янги робот-чангютгич моделини тақдим этди. Қурилманинг асосий хусусияти шундаки, у ишлатилмаётган вақтда махсус док-станция ёрдамида ошхона жавони ичига тўлиқ яширинади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги технология ёрдамида тозалаш станцияси мебелнинг бир қисмига айланади. Қурилмани сув таъминоти ва канализация тизимига улаш имконияти мавжуд бўлиб, бу фойдаланувчини сув идишларини қўлда тўлдириш ёки бўшатиш ташвишидан халос этади.
Тозалашдан сўнг станция микрофибра салфеткаларни 75 даража иссиқ ҳавода дезинфекция қилади ва 45 даражали оқим билан қуритади.
Роботнинг баландлиги 8,4 сантиметрни ташкил этиб, у мебеллар остига бемалол кира олади. Унинг сўриш қуввати 20 000 Па га тенг бўлиб, бу "Босч"нинг аввалги моделларидан сезиларли даражада юқори кўрсаткичдир.
Сунъий интеллект ёрдамида қурилма йўлидаги буюмларни танийди ва 2 сантиметргача бўлган тўсиқлардан ўта олади.
Чанг йиғиш учун 2 литрли қопдан фойдаланилади. Янги модель жорий йилнинг баҳор ойларида сотувга чиқиши кутилмоқда.
Ҳозирча қурилманинг аниқ нархи эълон қилинмаган бўлса-да, мутахассислар унинг арзон бўлмаслигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!