Россия VK Видео лойиҳасига 43 миллиард рублдан ортиқ маблағ ажратди

Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги 2025 йилда миллий видео платформани яратиш ва ривожлантириш учун 39,5 миллиард рублдан ортиқ маблағ ажратди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Яна 4 миллиард рублдан зиёд маблағ кўп функцияли маълумот алмашиш хизматини яратишга йўналтирилди. Иккала йўналиш ҳам "VK" компаниялар гуруҳи билан боғлиқ.
"Коммерсант" нашри манбаларига кўра, миллий видео платформа аслида "VK Видео" ҳисобланади. Маблағлар "Ягона видео" тузилмаси орқали ажратилган бўлиб, ушбу майдонча давлат иштирокидаги алоҳида лойиҳага айланган.
Маълумот алмашиш хизмати эса "Max" мессенжери билан боғлиқ эканлиги айтилмоқда. 2025 йил июн ойида Россияда бундай хизматни яратиш тўғрисидаги қонун кучга кирган эди.
IT соҳаси вакилларининг таъкидлашича, молиялаштиришдаги катта фарқ видео платформанинг технологик жиҳатдан мураккаброқ эканлиги билан изоҳланади. У инфратузилма, серверлар ва реклама тизимларини ривожлантиришни талаб қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!