Россияда YouTube аудиторияси кескин камаймоқда

ВТсИОМ таҳлилий маркази Россия фойдаланувчиларининг видеосервисларга бўлган қизиқишлари бўйича янги тадқиқот натижаларини эълон қилди. Маълумотларга кўра, интернет фойдаланувчиларининг 95 фоизи мунтазам равишда ихтисослашган платформаларда узун горизонтал видеоларни томоша қилади. Ҳозирда бозорда “VK Видео” етакчилик қилмоқда — уни сўровда қатнашганларнинг 61 фоизи танлаган. Рутубе ва YouTube кўрсаткичлари мос равишда 49 ва 44 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Платформалардан фойдаланиш частотаси бўйича ҳам “VK Видео” олдинда бормоқда: фойдаланувчиларнинг 50 фоизи ушбу сервисдан ҳафтасига камида бир марта фойдаланади. YouTube ва Рутубе платформаларида бу кўрсаткич 42 ва 35 фоизга тенг. Брендларнинг танилиши бўйича ҳам “VK Видео” (57%) биринчи ўринда, YouTube (52%) ва Рутубе (50%) эса кейинги ўринларни эгаллаган.
Тадқиқотнинг энг қизиқарли жиҳати шундаки, YouTube аудиториянинг чиқиб кетиши бўйича етакчилик қилмоқда. Фойдаланувчиларнинг 43 фоизи илгари ушбу платформадан фойдаланганини, бироқ ҳозирда ундан воз кечганини билдирган. Таққослаш учун, “VK Видео”, Рутубе, “Дзен” ва “Одноклассники” каби платформаларда аудитория йўқотилиши анча паст (13-20%) даражада сақланиб қолмоқда.
Шунингдек, видеосервислар анъанавий телевидениенинг ўрнини эгаллаётгани кузатилмоқда: фойдаланувчиларнинг 39 фоизи ТВ-контентни интернет орқали томоша қилади. Респондентларнинг 45 фоизи келажакда видеосервислар телевидениени бутунлай сиқиб чиқаришини тахмин қилмоқда. Ушбу сўров 2026-йил апрель ойида 14 ёшдан ошган 2 мингдан ортиқ Россия фуқаролари ўртасида ўтказилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!