OpenAI янги авлод сунъий интеллект смартфонини яратмоқчи

Фото: Yandex
Дунёдаги етакчи технология компанияларидан бири — OpenAI ўзининг сунъий интеллектга асосланган мутлақо янги турдаги смартфонини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда машҳур таҳлилчи Минг-Чи Куо X (Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур қурилманинг оммавий ишлаб чиқарилиши 2027 йилда йўлга қўйилиши мумкин. Қисқа вақт ичида, яъни икки йил давомида, бозорда 30 миллион донагача сотилиши кутилмоқда. Бу эса янги маҳсулотга бўлган қизиқиш юқори бўлишини англатади.
Манбаларга кўра, смартфон учун асосий чиплар Тайванда жойлашган MediaTek компанияси томонидан етказиб берилади. Қурилма махсус ишлаб чиқилган “Dimensity 9600” флагман процессори билан жиҳозланади.
Ушбу чип эса дунёдаги энг йирик яримўтказгич ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган TSMC заводларида 2 нанометрли замонавий технология асосида ишлаб чиқарилади.
Таҳлилчилар фикрига кўра, лойиҳанинг асосий концепцияси — анъанавий мобил иловалардан воз кечиб, ўрнига ягона интеллектуал интерфейсга эга бўлган SI-агентни жорий қилишдир. Яъни, фойдаланувчи турли дастурлар орасида юриш ўрнига, битта универсал сунъий интеллект ёрдамида барча вазифаларни бажара олади.
Мутахассислар бу борада смартфонни энг мақбул қурилма сифатида баҳоламоқда. Сабаби, у ҳозирги кунда энг оммавий ва кенг тарқалган гаджет ҳисобланади. Шунингдек, OpenAI тўлиқ қувватли SI-экотизим яратиш учун нафақат дастурий таъминот, балки аппарат қисм устидан ҳам тўлиқ назорат қилишни муҳим деб ҳисобламоқда. Шу боис компания қурилмани бошидан — “нолдан” ишлаб чиқишни маъқул кўрган.
Бундан ташқари, компания бошқа инновацион аппарат лойиҳаларини ҳам фаол равишда ривожлантирмоқда. Хусусан, ўтган йили OpenAI Apple’нинг собиқ бош дизайнери Джони Айв томонидан асос солинган стартапни 6,5 миллиард долларга сотиб олган эди. Ушбу стартап томонидан ишлаб чиқилаётган янги қурилма ихчам, экрансиз форматда бўлиши ҳамда камера ва микрофонлар орқали атроф-муҳит ҳақида маълумот тўплай олиши кутилмоқда.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, компания ўтган йил охирида робототехника ва сунъий интеллект қурилмалари йўналишларини алоҳида структураларга ажратиш имкониятини ҳам кўриб чиққан. Бу орқали ташқи инвесторларни жалб қилиш режалаштирилган эди. Бироқ IPO тайёргарликлари сабабли ушбу ғоя вақтинча орқага сурилган.
Умуман олганда, OpenAI томонидан тайёрланаётган янги авлод смартфони рақамли технологиялар бозорида катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Агар ушбу лойиҳа амалга ошса, у оддий смартфон тушунчасини бутунлай янги босқичга олиб чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!