КАТЛ натрий-ионли батареялари 2026-йилга бориб ЛФП нархига тенглашади

Дунёнинг энг йирик аккумулятор ишлаб чиқарувчиси КАТЛ компанияси яқин йиллар учун ўз режаларини эълон қилди. Компания раҳбариятининг маълум қилишича, 2026-йил охирига келиб натрий-ионли аккумулятор элементларининг таннархи литий-темир-фосфатли (ЛФП) батареялар нархи билан бир хил даражага тушиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу технологиянинг арзонлашишига асосий сабаб — унинг энг муҳим компоненти бўлган қаттиқ углеродли анодлар нархининг тез суръатлар билан пасайишидир. Ванҳуа Чемикал компанияси бўлинма директори Вей Дунинг сўзларига кўра, 2024-йилда бир тоннаси 60 000–70 000 юанни ташкил этган ушбу хомашё 2026-йилга келиб 35 000–40 000 юангача арзонлашади.
КАТЛ техник директори Лин Сзюбяо компания жорий йилнинг сентябрь ойида натрий-ионли батареяларга асосланган энергия сақлаш тизимларининг биринчи партиясини етказиб беришни режалаштираётганини таъкидлади. Йиллик етказиб бериш ҳажми гигаватт-соат (ГВт·соат) миқёсига етиши кутилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, натрий-ионли технологиялар узоқ муддатли истиқболда янада арзонлашади. Келажакда қаттиқ углерод нархини бир тонна учун 25 000 юандан пастга тушириш мақсад қилинган. Бу эса электромобиллар ва энергия сақлаш тизимлари бозорида ҳақиқий инқилобга сабаб бўлиши мумкин.
«Натрий-ионли батареялар ҳар томонлама тижоратлаштириш даврига қадам қўйди», — дея хулоса қилди Лин Сзюбяо. Янги турдаги аккумуляторлар литий танқислиги шароитида барқарор ва арзон муқобил сифатида кўрилмоқда.






























Изоҳлар 0
…