Ростех ҳавода маневр қилишга қодир янги Суперкам С180 дронини тақдим этди

Ростех ҳавода маневр қилишга қодир янги Суперкам С180 дронини тақдим этди

Россиянинг Ростех давлат корпорацияси Минскда ўтказилаётган “Миллий хавфсизлик. Беларус-2026” кўргазмасида ўзининг янгиланган Суперкам С180 учувчисиз учиш аппаратини намойиш этди. Ушбу қурилманинг асосий ўзига хослиги унинг юқори даражадаги маневр қобилияти ва рақиб дронларининг ҳужумларидан мустақил равишда қочиш имкониятидир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Конструкцияси жиҳатидан реактив қирувчи самолётларга ўхшаш ўқсимон қанотли ушбу дрон янги тактик имкониятлар билан бойитилган. Ixbt.com маъумотига кўра, аппаратнинг орқа ва юқори қисмини назорат қилувчи қўшимча камералар ўрнатилган бўлиб, бу тизим хавфни автоматик равишда аниқлаш ва операторни огоҳлантириш имконини беради.

Сунъии интеллект ва юқори чидамлилик

Дроннинг техник имкониятлари сезиларли даражада яхшиланган. Хусусан, қурилманинг ҳавода қолиш вақти икки баробарга оширилиб, эндиликда 4 соатдан кўпроқни ташкил этмоқда. Шунингдек, у 1,5 килограммгача фойдали юкни кўтариш қувватига эга. Қурилма махсус катапулта ёрдамида ҳавога учирилади.

Ростех вакиллари ўзларининг Telegram-каналида янги ишланмани машҳур “Матрица” фильми қаҳрамонига қиёслаб, уни “Нео каби чаққон” деб аташди. Қурилма рақиб дрон-тутувчиларидан моҳирлик билан қочиш хусусиятига эга экани алоҳида таъкидланган. Бу эса замонавий ҳаво жангларида дронларнинг омон қолиш даражасини кескин оширади.

Суперкам С180 радиоэлектрон кураш воситаларига нисбатан юқори чидамлиликка эга. Ишлаб чиқувчилар навигация тизимини дубляж қилувчи қўшимча элементлар билан жиҳозлашган, бу эса асосий тизим ишдан чиққан тақдирда ҳам дроннинг ўз миссиясини давом эттиришини таъминлайди. Шунингдек, рақибни радио сигналлари орқали аниқлаш учун радиочастотали детексия технологияси қўлланилган.

Разведка ва мониторинг ишларини бажаришда ушбу дрон сунъии интеллект имкониятларидан фойдаланади. Қурилма бортида тасвирларни қайта ишлаш ва объаектларни автоматик таниш функцияси мавжуд бўлиб, у сутканинг исталган вақтида юқори аниқликдаги видео маъумотларни тўплай олади.

Бугунги кунда учувчисиз учиш аппаратлари технологияси шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, бундай ҳимоя тизимларининг жорий этилиши ҳарбий ва махсус мақсадли дронлар бозорида янги стандартларни белгилаши кутилмоқда. Суперкам С180 нафақат кузатувчи, балки фаол ҳимояланувчи техника сифатида намоён бўлмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар