Samsung янги Galaxy А27 5G смартфонини тақдим этди: Snapdragon чипи ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш

Жанубий Кореянинг технологик гиганти Samsung ўзининг ўрта сегментдаги оммабоп қурилмалари қаторини янгилади. Компания расман Galaxy А27 5G смартфонини намойиш этди. Мазкур модел аввалги авлод вакилларидан нафақат ташқи кўриниши, балки ички техник имкониятлари билан ҳам сезиларли даражада фарқ қилади. Қурилманинг асосий ўзига хослиги унинг узоқ йиллар давомида дастурий янгиланишлар билан таъминланишида кўринади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Смартфон 6,7 дюймли Супер AMOLED дисплей билан жиҳозланган бўлиб, у 120 Hz кадр янгиланиш частотасини қўллаб-қувватлайди. Samsung муҳандислари бу гал дизайнга алоҳида эътибор қаратишган: экран атрофидаги ҳошиялар юпқалашган, олд камера учун эса эскирган томчисимон кесим ўрнига замонавий думалоқ тирқиш танланган. Бу ўзгариш қурилмага янада премиум кўриниш бағишлаган.
Техник янгиликлар ва унумдорлик
Galaxy А27 5G моделининг энг муҳим янгиланишларидан бири бу процессор танловидир. ixbt.com маълумотига кўра, Samsung ўзининг хусусий Exynos чипларидан воз кечиб, 4 нанометрли Snapdragon 6 Ген 3 платформасига ўтган. Бу ўзгариш Galaxy А26 моделидаги Exynos 1380 чипига нисбатан унумдорликни 10–20 фоизга ошириш имконини беради. Бу эса ўйинлар ва мураккаб иловаларда барқарор ишлашни таъминлайди.Камера тизими борасида қурилма анъанавий учликни сақлаб қолган. Асосий модул 50 мегапикселли датчикдан иборат бўлиб, унга 5 мегапикселли ўта кенг бурчакли камера ва 2 мегапикселли макро-объектив ҳамроҳлик қилади. Селфи ишқибозлари учун эса 12 мегапикселли олд камера кўзда тутилган. Гарчи пикселлар сони рекорд даражада бўлмаса-да, янги процессор тасвирларни қайта ишлаш сифатини яхшилаши кутилмоқда.
Ҳимоя даражаси ва дастурий таъминот
Қурилманинг ҳимоя тизимида бироз кутилмаган ўзгариш юз берган. Galaxy А27 5G модели ИП64 стандарти бўйича чанг ва сувдан ҳимояланган. Бу ўтган йилги IP67 стандартига нисбатан бироз пастроқ кўрсаткичдир, яни смартфон энди сувга тўлиқ тушиб кетишга эмас, кўпроқ сачрамаларга чидамли қилиб ишланган.Бироқ, Samsung фойдаланувчиларни дастурий таъминот масаласида хурсанд қилди. Компания ушбу модел учун 6 йил давомида йирик Android янгиланишларини ва худди шунча муддат хавфсизлик тизими янгиланишларини вада қилмоқда. Бу ўрта тоифадаги смартфонлар учун жуда кам учрайдиган ва фойдаланувчи учун қурилмадан узоқ вақт фойдаланиш имконини берувчи муҳим омилдир.
Смартфон сотувлари 3-июльдан бошланиши режалаштирилган. Харидорлар учун бир нечта ранг вариантлари таклиф этилади:
- Қора
- Мовий
- Оч яшил
- Оч пушти
Хотира сиғими бўйича уч хил конфигурация мавжуд: 6/128 GB, 8/128 GB ва 8/256 GB. Қурилма 5000 мА·ш сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган ва 25 В қувватда тезкор зарядланишни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча Samsung янги моделнинг аниқ нархини эълон қилмаган бўлса-да, у яқин кунларда чакана савдо нуқталарида пайдо бўлиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…