Сунъий интеллект кутилган натижани бермади: Ford тажрибали муҳандисларни ишга қайтарди

АҚШнинг автомобилсозлик гиганти Ford сунъий интеллект ва автоматлаштирилган тизимларга ҳаддан ташқари ишониб юборгани кутилган самарани бермаганини тан олди. Компания технологик жараёнлардаги камчиликларни бартараф этиш ва маҳсулот сифатини ошириш мақсадида 350 нафар тажрибали муҳандисни, жумладан, аввалги ходимларини яна ишга қабул қилди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Bloomberg нашрининг хабар беришича, Ford компаниясининг операцион директори Кумар Галҳотра журналистлар билан суҳбатда автоматлаштирилган сифат назорати тизимлари кутилган натижани кўрсатмаганини таъкидлаган. Шу сабабли, компания "техник мутахассисларни қайтаришга" қарор қилди. Ушбу мутахассислар эҳтиёт қисмлар ҳали завод конвеерига етиб келмасиданоқ улардаги нуқсонларни аниқлаш билан шуғулланади.
Технология ва инсон тажрибаси мувозанати
Ford компаниясининг автомобил аппарат таъминоти муҳандислиги бўйича вице-президенти Чарлес Пооннинг сўзларига кўра, компания сунъий интеллектга оид хато ёндашувни қўллаган. "Биз шунчаки сунъий интеллектни жорий этиш ва унга дизайн талабларини киритиш орқали юқори сифатли маҳсулот олишимиз мумкин деб янглишган эдик", — дейди у.Шуни таъкидлаш жоизки, Ford сунъий интеллект режаларидан бутунлай воз кечаётгани йўқ. Аксинча, "грай беард" (оқсоқол) деб аталаётган тажрибали муҳандислар ёш ходимларни ўқитиш ва сунъий интеллект воситаларини қайта дастурлаш учун жалб қилинган. Бу қадам технологияни инсон тажрибаси билан бойитишга қаратилган.
Ушбу стратегик ўзгариш аллақачон ўз мевасини бера бошлади. Ford мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, тажрибали муҳандисларнинг қайтарилиши жорий йилда харажатларни 1 миллиард долларга қисқартириш имконини беради. Сифат назоратининг кучайтирилиши автомобилларни таъмирлаш ва кафолатли хизмат кўрсатиш харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Маълумот ўрнида, Ford бренди шу ҳафтада эълон қилинган ЖД Повер Инитиал Қуалитй Сурвей рейтингида асосий автомобил брендлари орасида юқори ўринни эгаллади. Бу компаниянинг сифатга бўлган эътибори ва инсон омилига қайтиши тўғри қарор эканлигини кўрсатмоқда. Ўзбекистон бозорида ҳам Ford автомобиллари ўз ўрнига эга бўлиб, бундай глобал ўзгаришлар бренднинг ишончлилигини янада ошириши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…