Коинот харитаси янгиланди: Эуклид телескопи Сомон йўли марказининг мисли кўрилмаган суратини олди

Европа космик агентлиги (ESA) томонидан коинотга учирилган Эуклид телескопи Сомон йўли галактикаси марказининг шу пайтгача бўлган энг батафсил тасвирини яратди. Бор-йўғи 26 соатлик кузатув натижасида олинган ушбу улкан мозаика 60 миллиондан ортиқ юлдузларни ўз ичига олади. Бу кашфиёт нафақат астрономик сурат, балки келажакда экзосайёраларни қидириш учун асосий "таянч харитаси" бўлиб хизмат қилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Эуклид телескопи ўзининг кенг қамровли кўриш майдони туфайли ушбу мураккаб вазифани рекорд даражадаги қисқа вақт ичида уддалади. Таққослаш учун, Ердаги энг кучли обсерваториялардан бири бўлган Гавайидаги Кек обсерваторияси худди шундай чуқурликдаги тасвирни олиши учун қарийб 2000 соат вақт сарфлаши керак бўларди. Эуклид эса бу ишни бир суткадан сал кўпроқ вақтда якунлаб, Hubble телескопидан 270 марта кенгроқ майдонни бир уринишда қамраб олди.
Экзосайёраларни қидиришда янги босқич
Олинган тасвир гравитацион микролинзалаш усули орқали янги сайёраларни топишда инқилобий аҳамиятга эга. Ушбу усул узоқдаги юлдуз нури олдинги пландаги бошқа бир юлдузнинг гравитацияси таъсирида кучайишига асосланади. Агар олдинги пландаги юлдуз атрофида сайёра мавжуд бўлса, у ёруғлик сигналида ўзига хос ўзгариш ҳосил қилади. ixbt.com маълумотига кўра, охирги 20 йилда топилган 300 га яқин экзосайёраларнинг деярли барчаси айнан галактика маркази йўналишида аниқланган.Париж астрофизика институти астрономи Жан-Филипп Бёле таъкидлашича, бундай кузатувлар учун юлдузлар зич жойлашган майдон зарур. Эуклид томонидан яратилган мозаика аллақачон фанга маълум бўлган 51 та сайёра тизимини ўз ичига олган. Бу харита NASAнинг келажакда ишга тушириладиган Нанкй Грасе Роман Спасе Телескопе лойиҳаси учун пойдевор вазифасини ўтайди.
Янги хаританинг муҳим жиҳати шундаки, у юлдузларнинг ҳаракатини ва уларнинг бошланғич ҳолатини қайд этиб қўйди. Келажакда Нанкй Грасе Роман телескопи микролинзалаш ҳодисасини аниқлаганида, олимлар Эуклид маълумотларига таяниб, сайёраларнинг массаси ва уларнинг тизимдаги ўрнини аниқ ҳисоблаб чиқиш имконига эга бўладилар.
Совуқ ва олис дунёларни кашф этиш
Анъанавий усуллардан фарқли ўлароқ, микролинзалаш усули фақат иссиқ ва йирик сайёралар билан чекланиб қолмайди. У Қуёш тизимидан ташқаридаги совуқ ва узоқ орбиталарда айланувчи сайёраларни ҳам топишга имкон беради. Олимларнинг тахминича, Сомон йўлидаги деярли ҳар бир юлдуз камида битта шундай сайёрага эга бўлиши мумкин.Ҳозирда Эуклид кўриш майдонида бўлган ОGLE-2005-БЛГ-390Лб каби совуқ экзосайёралар ва икки юлдузли тизимлардаги объектлар ҳақидаги маълумотлар қайта кўриб чиқилмоқда. Лойиҳа раҳбари Валерия Петтеринонинг сўзларига кўра, телескоп томонидан олинган юқори аниқликдаги тасвирлар вақт ўтиши билан юлдузлар ҳаракати, чанг булутлари структураси ва галактика динамикасини ўрганишда беқиёс манба бўлади.






























Изоҳлар 0
…