Ўзга сайёраликлар билан алоқа: Олимлар биринчи контакт учун янги йўриқномани тасдиқлади

Инсоният коинотда ёлғиз эмаслигини исботловчи илк далиллар топилса, дунё ҳамжамияти қандай йўл тутиши керак? Халқаро астронавтика академияси (ИАА) айнан шу саволга жавоб берувчи янгиланган тавсиялар тўпламини расман тасдиқлади. Ушбу ҳужжат ўзга сайёралик цивилизациялар мавжудлигига оид техносигнатуралар — технологик фаолият излари аниқланган тақдирда амал қилиниши лозим бўлган қатъий халқаро протоколни белгилаб беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ИАА қошидаги СEТИ (Ердан ташқаридаги ақлли ҳаётни қидириш) қўмитаси томонидан 2022-2025 йиллар давомида тайёрланган ушбу йўриқнома кутилмаган кашфиётлар пайтида юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олишга қаратилган. Ҳужжатда ноодатий радиосигналлар, лазер импульслари ёки коинотдаги улкан сунъий иншоотлар каби техносигнатуралар аниқланганда, олимлар аввало маълумотни бир неча марта мустақил текширувдан ўтказишлари шартлиги белгиланган.
Шошилинч хулоса чиқариш тақиқланади
Янги қоидаларга кўра, ҳар қандай кашфиёт бир нечта илмий ташкилотлар томонидан турли усуллар ёрдамида тасдиқланиши лозим. Текширув якунланмагунча, олимларга тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик ва натижаларни шарҳлашда ўта эҳтиёткор бўлиш тавсия этилади. Бу ёлғон шов-шувлар ва жамиятда асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш учун муҳим ҳисобланади.Агар сигнал ҳақиқатан ҳам сунъий экани тасдиқланса, бу ҳақда зудлик билан БМТ Бош котиби, Халқаро астрономия иттифоқи (ИАУ) ва Космик тадқиқотлар қўмитаси (КОСПАР) каби нуфузли ташкилотларга хабар берилиши керак. Шунингдек, барча хом маълумотлар, дастурий таъминот ва таҳлил усуллари очиқ манбаларга жойлаштирилиши шарт. Бу дунё бўйлаб бошқа мутахассисларга натижаларни мустақил равишда қайта текшириш имконини беради.
Жавоб қайтариш масаласи ва халқаро назорат
Ҳужжатнинг энг муҳим қисмларидан бири ўзга сайёраликларга жавоб қайтариш масаласига бағишланган. ИАА тавсиясига кўра, инсоният номидан ҳеч қандай хабар кенг кўламли халқаро муҳокамаларсиз коинотга йўлланмаслиги керак. Бундай қарорни қабул қилишда БМТ ва бошқа давлатлараро тузилмалар иштирок этиши шарт деб ҳисобланмоқда. Консультациялар якунланмагунча, алоқа ўрнатишга бўлган ҳар қандай уриниш исталмаган ва хавфли деб баҳоланади.Келажакда юзага келиши мумкин бўлган вазиятларни бошқариш учун академияда доимий ишчи гуруҳ тузилиши режалаштирилган. Унинг таркибига қуйидаги мутахассислар киради:
- Астрономлар ва астрофизиклар;
- Халқаро ҳуқуқ бўйича юристлар;
- Этика ва ижтимоий фанлар бўйича мутахассислар;
- Илмий коммуникациялар бўйича экспертлар.






























Изоҳлар 0
…