Сунъий интеллект пойгаси: Кўнгилочар иловалар қандай қилиб ягона платформага айланмоқда?

Рақамли технологиялар оламида йирик кўнгилочар платформалар ўртасидаги рақобат янги босқичга чиқди. Агар аввалари компаниялар муайян бир формат — мусиқа, видео ёки подкастлар бўйича етакчилик учун курашган бўлса, бугун сунъий интеллект (AI) ёрдамида барча турдаги контентни ўзида жамлаган “универсал иловалар” даври бошланмоқда. Бу тенденция фойдаланувчининг бўш вақтини тўлиқ эгаллашга қаратилган стратегик ҳаракатдир. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, кўнгилочар иловалар бозори ўзининг тўйинганлик нуқтасига етган. Эндиликда платформалар янги обуначилар ортидан қувишдан кўра, мавжуд фойдаланувчиларнинг илова ичида ўтказадиган вақтини ва ундан келадиган даромадни оширишга эътибор қаратмоқда. Сунъий интеллект эса ушбу жараёнда асосий воситага айланди: у турли форматдаги контентларни бошқаришни осонлаштиради ва фойдаланувчига айнан унга ёқадиган нарсани тавсия қилиш имконини беради.
Netflix ва Spotify: Фильмлардан ўйинлар ва китобларгача
Netflix ушбу ўзгаришларнинг яққол намунасидир. Сўнгги йилларда сервис фақат кино ва сериаллар билан чекланиб қолмай, ўз платформасига видеоўйинлар, жонли спорт трансляциялари, қисқа видеолар ва подкастларни ҳам қўшди. Компаниянинг мақсади — фойдаланувчи телевизор кўришни истамаган пайтда ҳам, масалан, ижтимоий тармоқларни варақлаш ўрнига Netflix иловасида қолишини таъминлашдир.Spotify ҳам ўзининг дастлабки “мусиқа сервиси” деган номидан узоқлашмоқда. Бугунги кунда ушбу платформада нафақат аудио, балки видео-подкастлар, турли сўровномалар, ҳикоялар (сториес) ва ҳатто фитнес машғулотлари ҳам мавжуд. Шунингдек, компания аудиокитоблар ва босма китоблар савдосини ҳам йўлга қўйган бўлиб, бу уни тўлақонли кўнгилочар марказга айлантирмоқда.
YouTube ва TikTok: Форматлар чегараси йўқолмоқда
YouTube платформаси ҳам ўз навбатида TikTok билан рақобатлашиш учун Шорт-видеоларни жорий қилди. Шу билан бирга, у подкастлар, ўйинлар, харидлар ва янгиликлар учун алоҳида бўлимлар яратди. Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда YouTube ТВ ва YouTube Мусик хизматларининг асосий иловага тўлиқ интеграция қилиниши ва ягона обуна пакети остида сотилиши фақат вақт масаласидир.Ҳатто қисқа видеолар қироли бўлган TikTok ҳам кенгайишдан тўхтамаяпти. Платформа узоқ давом этадиган видеолар, саёҳатларни режалаштириш, чипталар сотиб олиш ва маҳаллий жойларни ўрганиш каби функцияларни қўшмоқда. TikTok Pro Эвентс орқали эса йирик спорт тадбирлари, жумладан, FIFA Жаҳон чемпионати каби мусобақаларни ёритишга ҳаракат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий иловалар ўртасидаги фарқлар тобора йўқолиб бормоқда. Эндиликда рақобат контент форматида эмас, балки сунъий интеллект ёрдамида фойдаланувчига тақдим этиладиган шахсий тавсияларнинг аниқлигида намоён бўлади. AI қанчалик мукаммал ишласа, фойдаланувчи ўзига керакли маълумот ёки ўйин-кулгини бошқа иловалардан қидирмайди.






























Изоҳлар 0
…