OpenAI АҚШ Адлия вазирлиги даъвоси юзидан 3,2 миллион доллар тўлайди

OpenAI АҚШ Адлия вазирлигининг кадрлар сиёсати бўйича эътирозларини ҳал қилиш учун 3,2 миллион доллар жарима ва компенсация тўлашга рози бўлди. Терговда OpenAI ва унинг Стациг Инк. шўба корхонаси айрим лавозимларда вақтинчалик иш визасига эга номзодларни устувор кўргани ҳамда АҚШ фуқароларининг имкониятларини чеклагани аниқланган.
Сунъий интеллект соҳасидаги етакчи компания — OpenAI АҚШ Адлия вазирлигининг кадрлар сиёсати бўйича эътирозларини ҳал қилиш учун 3,2 миллион доллар миқдорида жарима ва компенсациялар тўлашга рози бўлди. Ixbt.com маълумотига кўра, текширув компаниянинг хорижий мутахассисларни ёллашдаги айрим амалиётлари маҳаллий фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклагани аниқлангани ортидан бошланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Адлия вазирлиги тергови шуни кўрсатдики, OpenAI ва унинг Статсиг Инк. номли шўъба корхонаси айрим лавозимларга вақтинчалик иш визасига эга номзодларни устувор кўрган. Натижада АҚШ фуқароларининг ушбу бўш иш ўринларига ҳужжат топшириш имкониятлари чеклаб қўйилган. Вазирлик хулосаларига кўра, компания баъзи позициялар учун вакансияларни ўзининг расмий ташқи сайтида эълон қилмасдан туриб чет эллик мутахассисларни жалб этган.
Кадрлар сиёсатидаги шубҳали амалиётлар
Тергов давомида эълон жойлаштириш жараёнидаги бир қатор ғайриоддий усуллар ҳам аниқланган. Хусусан, айрим вакансиялар фақат тун вақтларида эълон қилинган ёки муайян номзодларга стандарт электрон ариза топшириш ўрнига қоғоз шаклидаги аризаларни юбориш таклиф этилган. Гарчи мазкур ишлар ўн тадан кам вакансияни қамраб олган бўлса-да, Адлия вазирлиги бу иш технологик секторда юқори маошли иш ўринларига тенг имкониятлар яратиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.Имзоланган келишув шартларига мувофиқ, OpenAI давлат фойдасига 1,2 миллион доллар миқдорида фуқаролик жаримасини тўлайди. Шунингдек, ушбу мунозарали амалиётлар туфайли жабрланган бўлиши мумкин бўлган ходимларга компенсация тўлаш учун 2 миллион долларлик махсус жамғарма ташкил этилади. Компания ўз навбатида кадрлар тайёрлаш жараёнларини қайта кўриб чиқиш, ходимларни иммиграция қонунчилиги талаблари бўйича ўқитиш ва вазирлик назоратидан ўтиш мажбуриятини олди.
Компаниянинг расмий муносабати
Мазкур келишув Адлия вазирлигининг фуқаролик бўйича кадрлар камситилишини назорат қилиш дастури 2025-йилда қайта тикланганидан буён тузилган ўн учинчи келишув бўлди. OpenAI вакилларининг маълум қилишича, компания тергов хулосалари билан тўлиқ қўшилмаса ҳам, низони тинч йўл билан ёпиш ҳамда ўз фаолиятини давом эттириш мақсадида шартномани имзолашга қарор қилган.Компания вакиллари сунъий умумий интеллектни (AGI) ривожлантириш бўйича ўз олдига қўйган улкан мақсадларини амалга ошириш учун бутун дунёдан энг малакали мутахассисларни жалб этиш зарурлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, улар чет эллик ходимларга доимий резидентлик мақомини расмийлаштириш имконини берувчи ПEРМ дастурини ривожлантиришда давом этишларини билдиришди.






























Изоҳлар 0
…