14:41 / 16.09.2021
1 909

Instagram ўсмирларга зиён келтиришини Facebook билади, аммо буни сир сақламоқда

Instagram ўсмирларга зиён келтиришини Facebook билади, аммо буни сир сақламоқда
Фото: Getty Images
Instagram ўзининг ёш фойдаланувчиларининг катта қисми учун, айниқса, ўсмир қизлар учун зарарли. Бу ҳақда Instagram’га эгалик қилувчи Facebook компанияси томонидан ўтказилган ички тадқиқотлар гувоҳлик бермоқда, деб ёзади Meduza. The Wall Street Journal (WSJ) газетаси ушбу тадқиқотлар натижаларини қўлга киритди.

Facebook Instagram’ни 2012 йилда 1 миллиард долларга сотиб олган эди. Ўшанда у кичкина, аммо аллақачон оммалашган стартап бўлиб, унда 13 киши ишлаган. Facebook ўша йили биринчи марта ўз ижтимоий тармоғида ёш аудитория сонининг пасайишига дуч келди ва Instagram’ни ўсмирларни жалб этиш усули сифатида кўрди. Facebook ниқоблар ва қисқа видеолар каби урфбоп функцияларни киритган ҳолда, Instagram ёшлар учун долзарб бўлиб қолишда давом этишини назорат қилиб борди.

Бу ҳаракатлар бесамар кетмади. АҚШда Instagram фойдаланувчиларининг 40 фоизидан кўпроғи 23 ёшдан кичик. Ҳар куни ижтимоий тармоққа қарийб 22 миллион америкалик ўсмирлар киради. Деярли ўн йилдан буён ёшлар улуши кўпаймаётган Facebook’га эса ҳар куни атиги беш миллион америкалик ўспирин ташриф буюради. Устига-устак, бундай фойдаланувчилар Instagram’да Facebook’га қараганда 50 фоиз кўпроқ вақт ўтказади, деб ёзади WSJ Facebook’нинг ички ҳужжатларига таяниб.

2019—2021 йилларда Facebook Instagram’нинг ўсмирлар руҳиятига таъсирини ўрганиб чиқди. Сўровларда ижтимоий тармоқнинг ўн минглаб фойдаланувчилари қатнашди. Уларнинг жавобларини Facebook’нинг маълумотлар таҳлили, маркетинг ва маҳсулотлар ишлаб чиқиш соҳаларидаги ходимлари ўрганиб чиқди, уларнинг кўпчилиги психология, информатика ва ахборот таҳлили соҳаларида иш тажрибасига эга бўлган. WSJ тадқиқот натижаларидан иборат бешта тақдимотга таянган бўлиб, улар ўз муаллифлари томонидан «ўсмирларнинг психологик саломатлигига чуқур шўнғиш» деб номланган.

Тадқиқотчилар шундай хулосага келдики, Instagram’ни узил-кесил зарарли деб айтиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқдан фойдаланиб, кўплаб ўсмирлар «салбий ижтимоий таққослаш» эффектига дуч келади (Instagram билан боғлиқ ҳолатда у TikTok ва Snapchat’га нисбатан кучлироқ, деган хулосага келди Facebook’дагилар). Уларнинг кўпчилиги буни амаллайди ва Instagram’ни ўз-ўзини ифодалаш ва мулоқот усули сифатида қадрлайди. Аммо айрим ўсмирлар — айниқса, қизлар ва шундоқ ҳам ўз-ўзини қабул қилиш билан боғлиқ муаммоси бўлганлар — «салбий ижтимоий таққослаш» қаршисида анча заифдир.

Қизларнинг 30 фоизи маълум қилишича, улар ўз қоматларидан кўнгли тўлмай турган пайтда Instagram уларни янада ёмонроқ ҳис қилдирган. Ўзига ишончнинг пасайиши муаммосига ўғил болаларнинг 14 фоизи ҳам дуч келган. Сўровлардан бирида ўзини чиройли эмас деб ҳис қилишини билдирган респондентларнинг 40 фоизи бу ҳиссиёт Instagram туфайли пайдо бўлганини айтган. Ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикрлар билан яшашини маълум қилган АҚШ ва британиялик ўсмирлар орасида британияликларнинг 13 фоизи ва америкаликларнинг 6 фоизи ўзини ўлдириш истагини Instagram билан боғлади.

Ёшлар ижтимоий тармоқни ташвиш ва депрессияни оширишда айбламоқда. Уларнинг кўпчилиги Instagram’да камроқ ўтиришни хоҳлаган бўларди, аммо уларга ўз-ўзини назорат қилиш қобилияти етишмайди. «Ўсмирларнинг айтишича, улар Instagram’да қанча вақт ўтказаётганидан норози, лекин улар ўзларини у ерда бўлиши керак, деб ҳис қилади. Кўпинча улар ўзларини Instagram’га боғланиб қолгандек ҳис қилади ва бу ўзларининг руҳиятига ёмон таъсир қилаётганини тушунади, бироқ ўзларини тўхтата олмайди», — дея маълум қилди Facebook тадқиқотчилари.

Instagram фойдаланувчиларининг фақат энг яхши лаҳзалар билан бўлишиш ва бенуқсон кўринишга интилиши, шунингдек, ижтимоий тармоқнинг «тобелик»ни келтириб чиқариши ўсмирларни овқатланиш тарзининг бузилишига, ўз қоматини носоғлом қабул қилишига ва депрессияга ундаши мумкин, дейилади 2020 йил мартида олиб борилган тадқиқотда. WSJ қўлга киритган ҳужжатларга қараганда, ушбу тадқиқот натижалари билан Facebook топ-менежерлари, шу жумладан, компания асосчиси Марк Цукерберг ҳам танишиб чиққан.

Instagram ўз фойдаланувчиларининг психологик саломатлигига таъсир ўтказиши Ғарбда анчадан буён муҳокама қилиб келинади. Ушбу дискуссиялар фонида Facebook Instagram’да лайклар сонини яшириш имкониятини жорий қилди ва рўйхатдан ўтиш пайтида туғилган санасини кўрсатишни мажбурий қилди (13 ёшдан кичкиналар рўйхатдан ўта олмайди). Айни вақтда Facebook Instagram’нинг ўсмирлар руҳиятига таъсири ҳақидаги ўз тадқиқотлари натижаларини эълон қилмади ва ушбу таъсирнинг салбий жиҳатларини оммага пасайтириб кўрсатди.

«Биз ўрганиб чиққан тадқиқотлар кўрсатишича, бошқа одамлар билан мулоқот учун дастурдан фойдаланиш руҳий саломатлик учун ижобий таъсирга эга бўлиши мумкин», — деган эди Марк Цукерберг 2021 йил мартида АҚШ Конгрессидаги эшитувларда болаларнинг психологик саломатлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Августда сенаторлар Ричард Блюменталь ва Марша Блэкберн Facebook’нинг ўз платформаларининг ўсмирларга таъсири ҳақидаги тадқиқоти натижаларини кўрсатишни талаб қилди. Facebook «компания ичида ошкора ва очиқ диалогга имконият яратиш учун» бундай маълумотларни сир сақлашини айтиб, жавоб берди. «Facebook, афтидан, тамаки корпорацияларидан намуна олиб, потенциал хавфли маҳсулот билан ўсмирларни нишонга олади ва илмий маълумотларни оммадан яширади», — деди Блюменталь WSJ’га.

Нашр Facebook’нинг ички тадқиқотлари натижаларини ошкор қилганидан кейин Блюменталь ва Блекбэрн Сенатнинг улар раҳбарлик қилувчи истеъмолчилар ҳимояси, маҳсулотлар хавфсизлиги ва маълумотлар бутлиги кичик қўмитаси WSJ мақоласидаги маълумотлар юзасидан текширув ўтказишини билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Instagram ўсмирларга зиён келтиришини Facebook билади, аммо буни сир сақламоқда