15:30 / 18.02.2022
1 296

1hls.uz платформаси орқали ҳар ҳафта ютуқли ўйинлар ўтказиш йўлга қўйилиши мумкин

1hls.uz платформаси орқали ҳар ҳафта ютуқли ўйинлар ўтказиш йўлга қўйилиши мумкин
Туризм ва спорт вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси орқали ютуқли ўйинлар ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Қарор лойиҳасига кўра, аҳоли ўртасида «Соғлом турмуш тарзи» платформаси орқали ҳар ҳафта якуни бўйича платформа фойдаланувчилари ўртасида қуйидаги тоифалардаги совринларни назарда тутувчи ютуқли ўйинлар ўтказиш тўғрисидаги таклифлар маъқулланиши мумкин:

1-тоифа — платформа фойдаланувчилари ўртасида велосипед (миқдори 1000 донагача) мукофоти билан тақдирлаш;
2-тоифа — платформа фойдаланувчилари ўртасида 100 млн сўм (миқдори 1 дона) пул мукофоти билан тақдирлаш.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йилнинг 1—15 январигача (15 январни ҳам қўшган ҳолда) платформа орқали ҳисобланган тўловлар Туризм ва спорт вазирлигининг давлат бюджети параметрларида мазкур мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Платформа фаолиятини ташкил этиш ва унинг доирасида ютуқли ўйинларни ўтказиш мақсадида шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:
  • Туризм ва спорт вазирлиги – платформани аҳоли орасида янада оммалаштириш, ютуқли ўйинлар ўтказилиши, ғолибларни аниқланиши ва совриндорларга тақдим этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, шунингдек, ўтказилган ўйинлар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва ошкоралигини таъминланишига;
  • Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК – платформа доирасида ютуқли ўйинлар ташкил этиш ва ўтказиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ютуқли ўйин ғолибларига қимматбаҳо совринлар харид қилиш ҳамда совриндорларга тақдим қилишга;
  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – платформани доимий техник қўллаб-қувватлаш, сақлаш ва уни техник такомиллаштириб бориш, ютуқли ўйин ғолибларини аниқлаш мақсадида тасодифий сонлар генератори-электрон дастурни ишлаб чиқиш ҳамда Call-марказ фаолиятини ташкил қилишга;
  • «Киберхавфсизлик маркази» ДУК – платформанинг техник ва дастурий воситаларини ахборот хавфсизлиги талабларига мослиги юзасидан сертификация ишларини ҳамда техник топшириқ ва ахборот тизимини экспертизадан ўтказишни ўрнатилган тартибда амалга ошириб боришга;
  • Соғликни сақлаш вазирлиги – платформада фойдаланувчилар учун тақдим этилаётган таомлар килокалорияси тўғрисидаги маълумотлар, ўйин ғолиблари ҳақиқатда кўрсатилган масофани антропометрик кўрсаткичларига мос келиши ва унинг саломатлигига ижобий таъсири тўғрисида хулосалар ҳамда платформада аҳолини доимий пиёда юриш натижасида уларнинг саломатлигига ижобий таъсирлари тўғрисида таҳлилий маълумотларни оммага тақдим қилиб боришга масъул ҳисобланади.

Белгиланишича, платформа 2022 йил 15 мартдан тест режимда ишлайди ҳамда 2022 йил 4 апрелдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади ва ҳар ҳафта якуни бўйича ютуқли ўйинлар ўтказиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги «Миллий PR-марказ» ДУКнинг ижтимоий рекламали ва бошқа ахборотни бепул трансляция қилиниши ҳамда кенг ёритилишини, шунингдек, ютуқли ўйин фаолияти билан боғлиқ лавҳалар учун трансляция қилиш 50 фоизгача миқдорида имтиёз бериш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 30 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Унга мувофиқ, аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни оммалаштириш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» — «1hls.uz» платформаси яратилиши ва 2021 йилнинг 1 март санасидан бошлаб ишга туширилиши белгиланган. Бироқ платформа 2021 йилнинг июнь ойида тест режимида амалиётга татбиқ этилган. 2022 йил 16 январдан бошлаб эса 3 минг сўм пул маблағ бериш тизими тўхтатилди.

Таъкидланишича, мутахассислар ва жамоатчилик таклифларига асосан, аҳолини янада кўпроқ кунлик юриш ва югуришга жалб қилиш мақсадида рағбатлантириш тизимини ўзгартириш, 3 минг сўм ўрнига каттароқ совринлар қўйиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинган. Шунга кўра, «1hls.uz» платформаси орқали қатор ўзгаришлар амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » 1hls.uz платформаси орқали ҳар ҳафта ютуқли ўйинлар ўтказиш йўлга қўйилиши мумкин