62
Инсультнинг белгилари, пайдо бўлиш сабаблари, инсультга олиб келувчи хавфли ҳолатлар ва унинг давоси ҳақида
Инсультнинг белгилари, пайдо бўлиш сабаблари, инсультга олиб келувчи хавфли ҳолатлар ва унинг давоси ҳақида Миллий тиббиёт маркази невропатологи Абдуносир Усманов маълумотлари.
Инсульт – бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида мия тўқимасининг шикастланишидир. Инсультнинг икки асосий геморрагик ва ишемик турлари бор. Геморрагик инсультда бош мия тўқимасига қон қўйилади. Ишемик инсультда эса бош мияни озуқа билан таъминловчи асосий қон томирлари тромбоз (беркилиш)га учрайди. Ёки майда томир тармоқларида спазм ривожланади.
Инсультга олиб келувчи хавфли ҳолатлар
Инсульт ривожланишининг хавфини оширувчи жиҳатлар:
• артериал гипертензия ёки стенокардия
• Насл сурувчи салбий ирсият (қариндош-уруғлардан биронтаси инсульт ё миокард инфарктга йўлиққан бўлса);
• Чекиш ёки алкоголни суиистеъмол қилиш (чекиш инсульт эҳтимоллигини кучайтиради). Чекишни ташлагандан кейин инсульт хавфи пасаяди ва 5 йилдан сўнг бемор чекмайдиган одамдай бўлиб қолади;
• Бемор 50-60 ёшдан ошган бўлса;
• Қандли диабет;
• Миокард инфарктига йўлиққанлар, бош мия қон айланишининг сурункали бузилиши белгилари (хотира пасайиши, уйқу бузилиши, бош оғриши, бош айланиши, бошдаги шовқин, кўзнинг хиралашиши, тананинг ярмидаги увишишлар) ёки инсульт ўтказган беморлар;
• Тез-тез асабийлашиш;
• Аритмия ёки тромблар ҳосил бўлишига мойиллик (қоннинг ортиқ даражада қуюлиши).
Инсульт касаллиги белгилари
• Сезгининг тўсатдан бузилиши: юз, қўл ва оёқларда хусусан тананинг ярмида увишиш ва камқувватлик пайдо бўлиши.
• Тўсатдан тилдан қолиш ёки сўзларни айтиш ё тушунишда, матнни ўқишда қийналиш.
• Бир ёки икки кўзнинг кескин ёмон кўра бошлаши.
• Бирданига ҳаракат мўлжалининг бузилиши (чайқалиб юриш), кескин бош айланиши.
• Ўз-ўзидан пайдо бўлган, англаб бўлмайдиган бош оғриғи, қусиш.
Геморрагик инсультда барча белгилар ишемик инсультдагига қараганда анча яққол кўриниб туради. Бундан ташқари, геморрагик инсультда бемор қусади, юзи қизаради, уйқучан бўлади, энса мушакларида спазм рўй беради, кўз тўр пардасига қон қуйилади, касаллик бирдан бошланиб, авж олади.
Ишемик инсульт, одатда, аста-секин ривожланади. Ишемик инсультда ўткинчи, мия қон айланишининг бузилиши нуқсонлари бир неча ой, йил олдин пайдо бўлади. Улар инсульт белгиларига ўхшайди, бироқ бир неча дақиқада, камдан-кам ҳолларда бир неча соат мобайнида (24 соатгача) давом этиши билан фарқ қилади. Кўпинча бу симптомлар тезда ўтиб кетади ва мия фаолияти тезда тикланади. Лекин бундай тикланишларга ишонмаслик керак ишемик касаллик, йиллар давомида сурункали равишда мия тўқималарини емириб боради. Киши ўзида қўйидаги нохуш белгиларни сезса, кечга қолдирмасдан тиббий кўрикдан ўтиши керак.Ишемик инсультнинг аломатлари:
• Қўл ва оёқларда ўткинчи заифлиги ёки эпга келмаслик, “эрталабки гарангсираш” кўринишида, худди оёқ-қўллар увишиб қолгандек намоён бўлади.
• Қисқа вақтга тилдан қолиш ёки хотирани йўқотиш ҳолатлари юз беради.
• Бош айланади, онг заифлашиб, кўз кўрмай қолиши ёки нарсалар кўзга қўшалоқ бўлиб кўрина бошлайди.
• Юрганда гавда чайқалиб кетиши, оёқни судраб босиши мумкин.
Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?Имкон қадар 50-60 ёшли кишилар вақти-вақти билан врач кўригидан ўтиши лозим. Инсульт аломатлари намоён бўлганда текшириш учун зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Борди-ю, ростдан ҳам инсульт ҳуруж қилган бўлса, зудлик билан беморни шифохонага етқазиш лозим. Чунки мия ишемияси ва қон қуйилиши оқибатларини фақат дастлабки соатлардагина тўхтатиб, беморни сақлаб қолиш мумкин.
Инсульт хуружида биринчи ёрдам
Инсультда биринчи ёрдам. Энг аввало беморни каравотга қулай ётқизиш керак ва нафас олишни қийинлаштирувчи кийим тугмаларини ечиб, ҳаво оқими билан таъминлашни яхшилаш зарур. Оғзидан, ясама тиш (протез) лари бўлса, уларни ечиб олиб қўйиш, агар қусган бўлса, оғиз бўшлиғини тозалаб, қусуқни чиқариб ташлаш керак. Бўйнини қайрилиб, умуртқа артерияларига қон келиши қийинлашмаслиги учун боши ва елкаларига ёстиқ қўйиш лозим. Касаллик хуружининг дастлабки дақиқа ва соатлари энг қимматли саналади, айнан шу вақтда кўрсатилган тиббий ёрдам энг самарали бўлиши мумкин. Бу пайтда энг мухими иложи борича тезлик билан беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишидир. Қанчалик тез ёрдам олинса кейинчалик касаллик оқибати шунчалик енгилроқ бўлади. Шуларни хисобга олиб беморни тезроқ шифохонага етказиш чорасини кўриш керак.
Инсульт касаллиги давоси. Бемор хуруждан сўнг тузалиб кетадими?
Муолажа узоқ вақт давом этади. Даволаш ўз ичига фақат дори терапиясини эмас балки, парҳез, бемор парвариши, гимнастик машқларни ҳам ўз ичига олади. Дорилар бош мияда қон айланишини ва миядаги моддалар алмашинув жараёнларини яхшилайди. Парҳез овқатлар, мия фаолиятини яхшиловчи машқлар ҳам, ёки реабилитациядан ҳам фойдаланилади.
Беморлар бевосита инсультдан кам ҳалок бўладилар, аксинча, унинг асоратларидан кўпроқ вафот этадилар турғун ўпка шамоллаши ва узоқ ётиш оқибатида. Бунинг олдини олиш учун ётган беморга муттасил ғамхўрлик кўрсатиб, уни парваришлаб турмоқ керак. Уни гоҳ у, гоҳ бу томонига ағдариб, кўрпа-чойшабларнинг қатланиб қолишидан хабардор бўлиб туриш керак. Чойшаблар тоза ва қуруқ бўлмоғи лозим. Беморни тўғри овқатлантириш, катта ва кичик ҳожатларидан огоҳ бўлиб туриш шарт. Зарур бўлганда ҳуқна (клизма) қилинади, кўкрак қафаси уқаланади.
Парҳез. Оғир аҳволда бўлганига қарамай, инсультдан кейин биринчи кунданоқ, гоҳо иккинчи кундан беморга овқат берилади. Биринчи овқат берилганда бемор уни юта оладими, йўқми, текшириш чой қошиқда совуқ сув тутиб, уни ютишни илтимос қилиш керак. Бемор сувни осон ютиб, ўхчимаса, илиқ ва суюқ овқат беравериш мумкин.
Ақл-ҳуши жойида ва ютиш (овқатланиш) фаолияти бузилмаган беморлар дастлабки 2–3 кунда суюқ шўрва суви, мева шарбатлари, кейин эса юмшоқ ёки қирилган қуюқ овқат истеъмол қилса бўлади. Ютиши оғир бўлса, овқатни бўтқасимон кўринишга келтириш керак. Махсус парҳез масаллиқларидан ва сув ичиргич орқали болаларга мўлжалланган овқатлардан, суюқ озуқалардан бериш мақсадга мувофиқдир.
Овқат илиқ, тотли ва тўйимли бўлиши керак. Беморни эҳтиёткорлик билан кичик қошиқда оз-оздан, унда дам олдириб овқатлантирилади. Овқатнинг нафас йўлларига кетиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак. Гоҳо бемор еб-ичишдан бош тортади. Бундай ҳолга бош миянинг иштаҳа ва чанқоқликка жавоб берувчи айрим қисмларининг шикастланиши сабаб бўлади. Руҳий ҳаяжон, сиқилиш ҳам иштаҳага салбий таъсир қилиши мумкин. Бундай ҳолда беморни тинчлантириш, тасалли бериш ва беморга яхши овқатланиш муҳимлигини тушунтирган маъқул.
Миллий тиббиёт маркази
Матбуот хизмати
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Матбуот хизмати
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди