19:53 / 21.05.2018
4 690

Мирзиёев ва Путин телефон орқали мулоқот қилди

Мирзиёев ва Путин телефон орқали мулоқот қилди
Бугун, 21 май куни, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Мулоқот аввалида давлат раҳбари Владимир Путинни яна бир бор Россия Федерацияси президенти лавозимига киришгани билан табриклади ва унга катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон-Россия дўстлик, стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг жадал ривожланиши ва мустаҳкамланиши, шунингдек, ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ўзгаришлар чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарлари Россия Федерацияси президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифига тайёргарлик нуқтаи назаридан кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама этдилар.

Илгари эришилган келишувларни ва савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда имзоланган, шу жумладан иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссия доирасидаги битимларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан, энергетика, металлургия, машинасозлик, электротехника саноати ва бошқа юқори технологияли тармоқларда Россиянинг етакчи компаниялари ва банклари иштирокидаги истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди.

Минтақалар даражасида жадал алоқаларни давом эттириш ва Тошкент шаҳрида жорий йилнинг кузида Ўзбекистон ҳамда Россия биринчи Минтақалараро форумини ўтказишга келишиб олинди.

Туризм ва маданият алмашинувини янада кенгайтириш, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро манфаатли дастурларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бўйича фикр алмашилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси президентлари турли шаклларда яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрликларини тасдиқладилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мирзиёев ва Путин телефон орқали мулоқот қилди