20:32 / 05.10.2016
26 619

Шавкат Мирзиёев янги муҳим фармонга имзо чекди

Шавкат Мирзиёев янги муҳим фармонга имзо чекди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев бугун, 5 октябрь куни “Тадбиркорлик фаолиятинининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармоннинг тўлиқ матни ЎзАда чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида:

1. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин.

Давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар:

ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминласинлар;

ўз вазифалари ва ваколатларининг танқидий таҳлили асосида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ҳамда уларга йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштиришга ва уларнинг самарадорлигини оширишга доир асосланган таклифларни икки ой муддатда, белгиланган тартибда киритсинлар;

тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминласинлар.

2. Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик вазирликлар ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари зиммасига юклансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб:

тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади, юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда (инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно) маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар;

ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар;

тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди;

хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади;

тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар;

тадбиркорлик субъектларининг экспорт контрактларини давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб валюта назорати органлари томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими орқали ташқи савдо контрактлари назорати ва мониторингини сақлаб қолиш шарти билан бекор қилинади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сон Фармонининг 1, 2 ва 4-иловаларида назарда тутилган товарларни экспорт қилиш бўйича контрактлар мустасно;

экспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат илгари худди шундай товар учун айнан сертификат олган аризачига бир иш куни мобайнида берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;

давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларга йўналтирилган асосланган таклифлар киритсинлар:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш харажатларини камайтириш, масофавий назоратни кенг жорий этиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни таъминлайдиган солиқ маъмурчилиги сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш;

республиканинг экспорт салоҳияти ўсишини, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантирадиган валютани тартибга солишнинг ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан қисқа муддатли текширишларни тайинлаш ва ўтказишнинг аниқ ҳуқуқий асослари ҳамда мезонларини назарда тутган ҳолда қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг камерал назорати самарадорлигини ошириш орқали текширишларни ўтказиш сони ва муддатларини қисқартириш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва қонунга итоаткор тадбиркорлик субъектларининг барқарор фаолияти кафолатларининг асосий механизмларидан бири сифатида аудиторлик ташкилотлари ва солиқ маслаҳатчилари кўрсатаётган хизматлар сифати ва тақдим этаётган хулосаларининг ҳаққонийлиги учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, давлат органлари томонидан тижорат банклари фаолиятига, биринчи навбатда, кредит сиёсатига маъмурий аралашувларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик;

банкнинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи ғовларни тугатиш, шунингдек, мижозларнинг ўз пул маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

барча техник талабларни (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар ва техник нормативларни) хатловдан ўтказсин ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган тегишли норматив ҳужжатларни ишлаб чиқсинлар ва қабул қилсинлар;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги амалдаги норматив ҳужжатлардан монеликсиз ва бепул фойдаланиш имконини бериш мақсадида уларнинг жаҳон Интернет ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши ва доимий янгилаб борилишини таъминласинлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги функция ва ваколатларини босқичма-босқич суд органларига ўтказиш юзасидан таклифлар киритсинлар;

иқтисодий жиноятлар содир этиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш оқибатида етказилган зарарни аниқлашнинг асосланган ягона мезонлари ва асосларини ишлаб чиқсинлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини;

жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ нормаларини янада либераллаштириш бўйича таклифларни;

қонун ҳужжатларига, энг аввало, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни белгиланган тартибда киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди тадбиркорлар ҳуқуқларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини, шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида уч ой муддатда суд мажлисларига аудио ва видео қайд этиш механизмлари босқичма-босқич жорий этилишини, шунингдек, қабул қилинган суд қарорлари веб-сайтларда жойлаштирилишини назарда тутувчи дастурнинг ишлаб чиқилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларига фақат давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш юзасидан таклифлар киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензия бериш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қанчалик мувофиқлигини танқидий ўрганиш асосида Вазирлар Маҳкамасига эскириб қолган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган рухсат берувчи ҳужжатларни бекор қилиш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомилларининг муддатларини қисқартириш юзасидан таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
вазифасини бажарувчи
Ш.Мирзиёев


Тошкент шаҳри,
2016 йил 5 октябрь

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев янги муҳим фармонга имзо чекди