Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) Тошкент шаҳри, Учтепа тумани бўлимида эркак фарзандлари учун 2,4 млрд сўм миқдоридаги алиментни олдиндан тўлади. Бу алимент миқдори бўйича рекорд ҳисобланади, деб хабар берди МИБ.
Қайд қилинишича, суд буйруғига асосан қарздор Ш.Ж. дан ундирувчи Ш.Д. фойдасига вояга етмаган 4 нафар фарзанди таъминоти учун даромадларининг ярми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати МИБ Учтепа тумани бўлимига келиб тушган.
Шунингдек, қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида ваколатли органларга сўровномалар юборилган ҳамда олинган жавоб хатларга кўра, қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулк аниқланмаган.
Ўтказилган ижро ҳаракатлар давомида, қарздор Ш.Ж. вояга етмаган 4 нафар фарзанди таъминоти учун то улар вояга етгунига қадар тўланадиган алимент миқдорини ҳисоблаб беришни сўраган. Ҳисоб-китоблардан сўнг, 16 йиллик алимент миқдори 2 млрд 442 млн сўм экани аниқланган.
Таъкидланишича, қарздор Ш.Ж. алимент пулларини ундирувчи Ш.Д. га уй кўринишида берган. Шундан сўнг, ундирувчининг розилигига асосан ижро ҳужжати амалда тамомланган.
Аввал, нукуслик эркак 2 млрд 270 млн сўм алиментни олдиндан тўлаб, рекорд ўрнатган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!