Алимент тўловлари кескин ошди: Энди қанча тўланади?

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош миқдорининг ўсиши ортидан расмий даромадга эга бўлмаган шахслар учун алимент ҳисоблашда қўлланиладиган суммалар ҳам янгиланди. Бу ҳақда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 140-моддасига мувофиқ, агар алимент тўловчи фуқаро ишсиз бўлса ёки унинг даромадини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, алимент қарзи мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақи асосида ҳисоб-китоб қилинади.
Мажбурий ижро бюроси келтирган маълумотларга қараганда, алимент тўловчиларнинг 61 фоизи иш билан банд эмас ёки доимий даромад манбаига эга ҳисобланмайди. Шу боис мазкур янгиланиш кўплаб фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 28 апрель санасидан эътиборан Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичи 6,8 миллион сўмдан юқори миқдорга етгани сабабли, расмий даромадга эга бўлмаган шахслар учун алимент ҳисоблашдаги суммалар ҳам оширилди.
Янги ҳисоб-китобларга кўра, тахминий алимент тўловлари қуйидагича шаклланмоқда:
— бир нафар фарзанд учун — 1,7 миллион сўм;
— икки нафар фарзанд учун — 2,3 миллион сўм;
— уч ва ундан ортиқ фарзанд учун — 3,4 миллион сўм атрофида.
Маълум қилинишича, қайта ҳисоблаш жараёни амалдаги қонунчилик талаблари асосида автоматик равишда амалга оширилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!