date

Тўлиқ Ой тутилиши: бугун Ўзбекистон аҳолиси ноёб манзарага гувоҳ бўлади

Тўлиқ Ой тутилиши: бугун Ўзбекистон аҳолиси ноёб манзарага гувоҳ бўлади

Ўзбекистон осмони бугун, 7 сентябрь куни, ноёб ва ҳайратланарли астрономик ҳодисага — тўлиқ Ой тутилишига гувоҳлик беради. Ўзбекистон Фанлар академияси маълумотларига кўра, ушбу табиий манзара мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан кузатилиши мумкин.

Академия қайд этишича, тутилиш пайтида Ой юзаси бутунлай Ер сояси ичида қолади. Ойнинг тўлиқ фазали тутилиши 1 соат 22 дақиқа давом этади, бутун жараён эса 5 соатдан ортиқ вақтни ўз ичига олади.

Бу ноёб ҳодисани нафақат Ўзбекистон, балки Евроосиё ва Африкадаги бир қатор давлатлар аҳолиси ҳам кўриши мумкин бўлади. Жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Эрон, Араб давлатлари, шунингдек, Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий ва Шимолий Корея, Малайзия, Вьетнам, Лаос ва яна кўплаб мамлакатларда тўлиқ фазали тутилиш кузатилиши мумкин.

Россиянинг марказий ҳудудлари, Туркия, Озарбайжон, Саудия Арабистони ҳамда Япония ва Австралиянинг айрим қисмида ҳам Ойнинг тўлиқ соя остида қолишига гувоҳ бўлиш имкони бор. Европа, Филиппин, Гавайи, Фиджи ва Янги Зеландияда эса қисман тутилиш кузатилади.

Ўзбекистонда эса аниқ вақтлар белгиланган:

  • қисман Ой тутилиши Тошкент вақти билан 21:27 да бошланади;

  • тўлиқ фаза 22:30 да кириб келади;

  • 23:11 да энг юқори нуқтага етади;

  • 23:52 да тўлиқ фаза якунланади;

  • 8 сентябрь соат 00:56 да қисман фаза ҳам тўхтайди.

Мутахассислар айтишича, тутилиш даврида Ойнинг уфқдан баландлиги 27 даражани ташкил этади, максимал пайтда эса 39 даражагача кўтарилади.

Энг муҳими, бу ҳодисани кузатиш учун телескоп ёки махсус ускуналар шарт эмас — оддий кўз билан ҳам томоша қилиш мумкин. Олимлар таъкидлашича, Ой тутилиши бевосита кўз билан кузатиш учун мутлақо хавфсиз ҳисобланади.

Астрономия ixлосмандлари ва оддий аҳоли учун бу кеча табиатнинг ноёб сиймосини кўриш ва эсда қоларли хотира ҳосил қилиш учун ажойиб имкониятдир.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тўлиқ Ой тутилиши: бугун Ўзбекистон аҳолиси ноёб манзарага гувоҳ бўлади