date

Берлинда ўзбек қовунлари фестивали катта қизиқиш уйғотди

Берлинда ўзбек қовунлари фестивали катта қизиқиш уйғотди

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Германия пойтахти Берлин шаҳрида “Қовун сайли” деб номланган байрамона фестивал ўтказилди. Ушбу тадбир Берлиндаги йирик савдо марказларидан бири саналган Intermarkt JUBY билан ҳамкорликда ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА .

Фестиваль доирасида маҳаллий аҳоли, шунингдек, Германияда истиқомат қилаётган ва ўқиётган ватандошларимиз ўз оила аъзолари билан иштирок этди. Эрталабдан ўзбек миллий куй-қўшиқлари садолари билан бошланган сайил кечга қадар давом этди.

Юртимиздан олиб келинган турли навдаги ширин қовун ва тарвузлар немис истеъмолчилари томонидан катта мамнуният билан татиб кўрилди. Ташриф буюрган меҳмонлар нафақат серқуёш Ўзбекистон неъматларидан баҳраманд бўлишди, балки мамлакатимиздаги гастрономик туризм имкониятлари ҳақида ҳам маълумот олишди.

Фестиваль чоғида миллий матолар, анъанавий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Бу эса Германияликлар учун нафақат ўзбек мевалари, балки маданиятимиз ва санъатимизни яқиндан англаш имконини берди.

Шу билан бирга, “Қовун сайли” Intermarkt JUBY савдо уйи фаолият бошлаганининг тўрт йиллигига тўғри келиб, ушбу сана ҳам байрамона тарзда нишонланди.

Берлинда ўтказилган ушбу тадбир нафақат ўзбек қовунларини кенг тарғиб қилди, балки икки мамлакат ўртасида маданий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлади.

Фото: Дунё

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Берлинда ўзбек қовунлари фестивали катта қизиқиш уйғотди