date

Ўзбекистонликлар энг кўп қаерга сафар қилаяпти?

Ўзбекистонликлар энг кўп қаерга сафар қилаяпти?

Ўзбекистонликлар чет эл саёҳатларини тобора фаоллаштирмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–август ойларида қарийб 5,2 миллион нафар фуқаро туристик мақсадларда хорижга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 миллион нафарга ёки 26,8 фоизга кўп.

Мутахассислар таъкидлашича, бу ўсиш пандемиядан кейинги фаол саёҳатчилик кайфияти ва ҳаво қатновлари сони ошгани билан изоҳланади. Ҳозирги кунда ўзбекистонликлар кўпроқ қўшни давлатларга — иқтисодий, диний ва оилавий сабаблар билан сафар қилмоқда.

Қўмита маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 8 ойида ўзбекистонликлар энг кўп борган давлатлар қуйидагича тақсимланган:

1.Қирғиз Республикаси — 2,3 млн нафар

2.Қозоғистон — 956 минг нафар

3.Тожикистон — 887,9 минг нафар

4.Россия — 312,7 минг нафар

5.Туркия — 181,7 минг нафар

6.Саудия Арабистони — 165,7 минг нафар

7.БАА — 94,2 минг нафар

8.Миср — 45,4 минг нафар

9.Вьетнам — 28,5 минг нафар

10.Хитой — 27,6 минг нафар

Бошқа давлатлар — 162,4 минг нафар

Кўриниб турибдики, ўзбекистонликлар асосан Марказий Осиё давлатларига сафар қилмоқда. Бу йўналишлар нафақат географик яқинлиги, балки визасиз режим, арзон транспорт ва маданий яқинлик сабаб ҳам оммалашган.

Шу билан бирга, Туркия ва Саудия Арабистонига бўлган саёҳатлар сони ҳам ортиб боряпти. Саудия йўналиши, айниқса, Умра зиёрати билан боғлиқ диний сафарлар ҳисобига ўсгани қайд этилган.

Миср, БАА ва Вьетнам каби йўналишлар эса кўпроқ дам олиш ва саёҳат туризми билан боғлиқ бўлиб, уларга қизиқиш сўнгги икки йилда сезиларли ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистонга энг кўп талабалар қаердан келаётгани ҳақида ҳам маълумот берганди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида республикада 2 780 нафар Ҳиндистонлик талабалар таълим олган — бу энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Мутасаддилар фикрича, саёҳат ва таълим соҳасидаги фаол алоқалар Ўзбекистоннинг халқаро интеграция жараёни кучайиб бораётганини кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонликлар энг кўп қаерга сафар қилаяпти?