13:18 / 02.03.2017
7 455

Тошкентда меҳмонхонани фоҳишалар маконига айлантирган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Тошкентда меҳмонхонани фоҳишалар маконига айлантирган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Анвар (исмлар ўзгартирилди) пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида маъмур лавозимида ишларди. Аввалига бу ерда катта миқдорда пул ишлаб топиш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қарангки, қаловини топса қор ҳам ёнаркан, қисқа вақт ичида мўмайгина даромадга эга бўлди. Аммо ҳаром йўл билан топилган бойлик кимга буюрибди дейсиз?

“Постда” газетасининг ёзишича, одатдаги кунларнинг бирида Анвар ишга отланди. Иш жойига етиб келгач, навбатчиликни қабул қилиб олди. Бирин-кетин меҳмонлар кела бошлади. Шу пайт кўзи олазарак бир киши эътиборини тортди. Унинг нима мақсадда келганини тушуниб, мийиғида кулди.

- Келинг ака, хизмат? – деб сўради у.

- Меҳмонхоналаринг таърифини эшитиб, бир дам олиб кетай, деб келгандим, - деди ҳалиги киши маъноли қараб.

- Тўғри топиб келибсиз, фақат...

- Буёғидан хавотир олманг.

- Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Пулини тўлаб қўйсангиз бас, ҳамма шароитни муҳайё қиламиз...

Анвар 90 минг сўм эвазига хоналардан бирининг эшигини очиб, йўлак бошида турган аёлларга ишора қилди:

- Уларни ўзингиз рози қиласиз.

Осонгина даромад топишнинг ҳадисини олган Анвар меҳмонхонага ташриф буюрадиган эркаклардан 90 минг сўмдан 120 минг сўмгача пул ундириб, уларга шаҳвоний ҳирсларини қондиришлари учун зарур шароитни яратиб беришни ўзига касб қилиб олди. Бунинг устига, сувдай оқиб келаётган пулларни миқдорини ошириш учун таксичилардан бири Нурали билан ҳамкорлик ўрнатди.

- Нурали, агар мен айтган пайтда меҳмонхонага фоҳишаларни топиб, олиб келсангиз зўр бўларди. Пулидан ташвиш тортманг, рози қиламан, - деди Анвар.

“Лўлининг эшагини суғориб пулини ол” мақолини ўзига шиор қилиб олган Нуралига бу гап мойдай ёқиб тушди. “Қайси йўл билан бўлса ҳам пул топсам бўлди-да!” деб ўйлади.

Кунларнинг бирида Анвар кўнгилочар масканлардан бирининг раҳбари Одилжон деган киши билан танишиб қолди. Суҳбат жараёнида уларнинг ҳаммаслак экани маълум бўлди. Одилжон ҳамтовоғига ўзи раҳбарлик қилаётган маскан кечки соат 18.00дан тунги 03.00га қадар ишлашини, у ерга асосан хорижликлар ташриф буюришини, уларнинг меҳмонхонада енгилтабиатли аёллар билан кўнгилхушлик қилиши учун шароит яратиб берса, чет эл валютасида пул тўлашини билдирди. Бу гапдан Анвар қармоғига олтин балиқ илинган одамдай хурсанд бўлиб кетди.

Кўп ўтмай Одилжоннинг ҳаракати билан кўнгилочар маскан мижозларини меҳмонхонага олиб бориш йўлга қўйилиб, ҳайдовчилар тайинланди. Шу тариқа уюшган жиноий гуруҳга асос солинди. Анвар ҳар бир меҳмонга ажратилган хона учун 50 доллардан, таксичилар эса 10 доллардан “хизмат ҳақи” оладиган бўлди.

Кўза кунда эмас, кунида синади. Тегишли идораларга қилинган шикоятдан кейин махсус тадбирда Анвар навбатчилик қилаётган бир кечанинг ўзида 32 нафар эркак ва аёлга ноқонуний равишда хоналар ажратгани маълум бўлди. Унинг сейфидан тегишли тартибда меҳмонхона ғазнасига кирим қилинмаган 3 миллион 523 минг сўм ва 500 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинди. Уюшган жиноий гуруҳнинг барча аъзоларига жазо тайинланди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда меҳмонхонани фоҳишалар маконига айлантирган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди