Кам таъминланганлар Конституциявий судда бепул юридик ёрдам олади

Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган яна бир муҳим қонун қабул қилинди. Янги ҳуқуқий ҳужжатга кўра, эндиликда Ўзбекистон Конституциявий судига мурожаат қилган кам таъминланган фуқаролар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш имкониятига эга бўлади.
Гап шундаки, ЎРҚ–1135-сон қонун (2026 йил 20 апрель) билан амалдаги қонун ҳужжатларига қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Ушбу янгиликлар, аввало, ҳуқуқий ҳимояга муҳтож қатламлар учун муҳим қулайликлар яратади.
Қонунга киритилган янгиликларга кўра, кам таъминланган шахслар муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мос ёки мос эмаслигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Конституциявий судига шикоят билан мурожаат этган тақдирда, улар давлат ҳисобидан адвокат ва юридик маслаҳат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат — юридик ёрдам кўрсатиш бўйича сўровларни юбориш тартиби ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Энди бундай мурожаатлар махсус “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали амалга оширилади. Сўров тўғридан-тўғри суд томонидан, фуқаронинг илтимосига асосан юборилади.
Бу механизм орқали жараён янада шаффоф ва тезкор бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқий ёрдам олишда ортиқча бюрократик тўсиқлар камаяди.
Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди. Демак, бу имкониятлардан фойдаланиш аллақачон амалий босқичга ўтган.
Қисқаси, янги тартиб кам таъминланган фуқаролар учун адолатга етишиш йўлини анча енгиллаштиради. Энди улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янада ишончли таянчга эга бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!