Эртага ҳаво 44 даражагача кўтарилади

Ўзгидромет 26 июнь куни учун навбатдаги об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Маълум қилинишича, мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ёзнинг ҳақиқий иссиқ кунлари давом этади ва айрим вилоятларда ҳаво ҳарорати 44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли ва вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кузатилмайди. Шарқий йўналишдан 3-8 м/с тезликда шамол эсади. Ҳарорат кечаси 23-25 даража, кундузи эса 37-39 даража атрофида бўлади.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ўзгарувчан тус олади. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол 9-14 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳарорат кечаси 20-25 даража, кундузи 32-37 даража бўлади.
Хоразм вилоятида ҳам ҳаво ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кечаси 20-25 даража, кундузи 32-37 даражагача етади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгарувчан бўлиши, аммо ёғингарчилик кузатилмаслиги прогноз қилинмоқда. Шарқий шамол 9-14 м/с тезликда эсади, айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар юзага келиши мумкин. Ҳарорат кечаси 22-27 даража, кундузи эса 39-44 даражагача кўтарилади.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгарувчан бўлади, ёмғир кутилмайди. Шарқий шамол 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 20-25 даража, кундузи 35-40 даража бўлади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кутилмаяпти. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 23-28 даража, кундузи эса 39-44 даражагача кўтарилади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам ҳаво ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кузатилмайди. Шарқий шамол 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 20-25 даража, кундузи 35-40 даража атрофида бўлади.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шунингдек, сел ва сув тошқини ҳодисалари юзага келиш хавфи ҳам сақланиб қолмоқда. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, момақалдироқ вақтида эса 13-18 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 15-20 даража, кундузи 25-30 даража бўлади.
Синоптиклар аҳолидан куннинг энг иссиқ вақтларида эҳтиёткор бўлиш, кўпроқ сув истеъмол қилиш ва имкони борича тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида узоқ вақт қолмасликни тавсия этмоқда.






























Изоҳлар 0
…