Ўзбекистонликлар неча йил умр кўрмоқда?

Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги йил сайин ошиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси эълон қилган янги маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшни ташкил этган.
Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 66,4 ёш бўлган. Кейинги йилларда мазкур кўрсаткич изчил ўсиб борган. Хусусан, 2000 йилда 70,8 ёш, 2010 йилда 73 ёш, 2015 йилда эса 73,6 ёш қайд этилган.
2020 йилда коронавирус пандемияси таъсири сабабли ўртача умр кўриш давомийлиги 73,4 ёшгача пасайган бўлса-да, кейинги йилларда яна ижобий ўсиш кузатилди. Жумладан, 2024 йилда бу кўрсаткич 75,1 ёшга етган бўлса, 2025 йилда эса 75,4 ёшгача кўтарилган.
Мутахассислар ушбу ўсишни соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббий хизматлар сифати ва қамровининг кенгайиши, профилактик чора-тадбирларнинг кучайтирилиши ҳамда аҳоли турмуш даражасининг изчил яхшиланиб бораётгани билан изоҳламоқда.
Қайд этилишича, ўртача умр кўриш давомийлиги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигини баҳолашдаги энг муҳим демографик кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Янги статистика эса Ўзбекистонда ушбу йўналишда ижобий ўзгаришлар давом этаётганини кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…