Жазоирдаги болалар уйи ёнғинида 11 киши ҳалок бўлди

Жазоир пойтахти яқинида жойлашган болалар уйида юз берган йирик ёнғин оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди, яна 19 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда Euronews нашри маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 16 июль куни маҳаллий вақт билан соат 03:30 атрофида пойтахтнинг шарқида жойлашган Муҳаммадия коммунасидаги болалар уйида содир бўлган. Ёнғин ҳақида хабар келиб тушиши билан воқеа жойига қутқарув хизматлари зудлик билан етиб борган.
Ёнғинни ўчириш ва қутқарув ишларига олтита ёнғин ўчириш машинаси, олтита тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда махсус техникалар жалб этилган. Қутқарувчилар бинодан ёрдамга муҳтож бўлган беш кишини хавфсиз ҳудудга олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Дастлаб 16 нафар жабрлангани маълум қилинган бўлса, кейинчалик уларнинг сони 19 нафарга етгани билдирилди. Жабрланганларнинг айримлари куйиш жароҳатлари олган, бошқаларида эса тутундан заҳарланиш ва нафас олиш билан боғлиқ муаммолар кузатилган.
Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда. Мутахассислар ҳодиса жойида қидирув ва текширув ишларини давом эттирмоқда. Жазоир Бош вазири Сифи Ғреб шифохонага бориб, жабрланганларнинг ҳолидан хабар олган.






























Изоҳлар 0
…