Эрон ҳусийларга Қизил денгизни ёпиш буйруғини бердими?

Эрон Ямандаги ҳусийлар ҳаракатига Қизил денгиз орқали ўтувчи нефть ташиш йўлини ёпишга тайёр туриш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Reuters агентлиги уч нафар манбага таяниб маълум қилишича, бундай чора АҚШ Эроннинг энергетика инфратузилмасига эҳтимолий зарба берган тақдирда амалга оширилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, мазкур режа Эрон раҳбарияти даражасида муҳокама қилинган ва бу ҳақда ҳусийлар ҳаракати вакилларига ҳам хабар етказилган. Бироқ манбалар бу хабар қай тарзда етказилгани ҳамда у АҚШ президенти Дональд Трампнинг сўнгги баёнотларидан кейин юборилгани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳусийлар ҳаракати ҳозирча бу хабар юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Reuters маълумотига кўра, ҳусийлар Боб ал-Мандаб бўғози атрофида ракета ва дронлар жойлаштириб, эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўрмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, қуроллар Ҳодейда ва Адан кўрфазига туташ ҳудудларда жойлаштирилган бўлиб, фақат тегишли буйруқ кутилмоқда.
Мутахассислар Қизил денгиз ва Боб ал-Мандаб бўғозидаги эҳтимолий кескинлик жаҳон нефть бозори учун жиддий хавф туғдиришини таъкидламоқда. Агар бу йўналишда кемалар ҳаракати чекланса, энергия таъминотига салбий таъсир кўрсатиши ва глобал бозорларда нархларнинг янада ошиб кетиши мумкин.
Шу билан бирга, ҳусийларга яқин манбалар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакиллари Ямандаги вазиятни яқиндан кузатаётгани ва стратегик қарорлар мувофиқлаштирилаётганини ҳам билдирган.
Сўнгги кунларда минтақадаги вазият янада таранглашди. Ҳусийлар Саудия Арабистони томон ракета ҳужумларини амалга оширганини маълум қилди. Бу эса бир неча йил давом этган нисбий тинчликка путур етказиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни кучайтирмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, агар Қизил денгиздаги асосий денгиз йўллари хавф остида қолса, бу нафақат Яқин Шарқдаги вазиятга, балки бутун дунё энергетика бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…