Ўзбекистонда эрта никоҳни яширганларга жарима таклиф этилди

Ўзбекистонда эрта никоҳ ҳамда 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, эрта никоҳ ёки 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаган фуқаролар ва ходимларга БҲМнинг 3–5 баравари миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда.
Мансабдор шахслар учун эса жарима миқдори БҲМнинг 5–10 баравари этиб белгиланиши мумкин.
Агар шу каби ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдорини фуқаролар ва ходимлар учун БҲМнинг 5–10 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 10–15 бараваригача ошириш назарда тутилган.
Таклиф этилаётган янги тартиб маҳалла, ФҲДЁ, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакилларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Улар эрта никоҳ, 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ҳомиладорлиги ва бошқа тегишли ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларни хабардор қилиши лозим бўлади.
Муҳими, ушбу талаблар ҳозирча амалдаги қонун эмас. Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда ва таклифлар асосида унга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 19 сентябргача давом этади.






























Изоҳлар 0
…