MrBeast жамоаси Хивада: Ичан қалъа дунё нигоҳида бўлиши мумкин!

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Машҳур YouTube блогери МрБеаст (Жиммй Доналдсон) ва унинг жамоаси Ўзбекистонга ташриф буюриб, Хиванинг Ичан қалъасида суратга олиш ишларини олиб бормоқда.
- Бу ташрифнинг асосий мақсади мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини халқаро аудиторияга танитишдир.
- Ичан қалъанинг ўзига хос меъморий обидалари ва қадимий кўриниши халқаро миқёсдаги видеолойиҳалар учун катта қизиқиш уйғотади.
Дунёнинг энг машҳур YouTube блогерларидан бири MrBeast'нинг (Jimmy Donaldson) суратга олиш жамоаси Хоразм вилоятига етиб борди. Айни пайтда ижодий гуруҳ Хиванинг тарихий маркази — Ичан қалъада тасвирга олиш ишларини олиб бормоқда.
Тошкентдан Хивагача давом этган сафар
MrBeast 9 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу унинг Марказий Осиёга илк сафари ҳисобланади. Ташриф Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, асосий мақсад мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини халқаро аудиторияга танитишдан иборат.
Дастлаб блогернинг ўзи Тошкент ва Самарқандга бориши режалаштирилган. Унинг суратга олиш жамоаси эса сафарни давом эттириб, Бухоро ва Хивадаги тарихий обидаларни тасвирга олишга киришган. Тошкентдаги ташрифи давомида MrBeast кўплаб мухлислар эътиборига тушган. Блогер Ўзбекистондаги машҳурлигини аввалига етарлича баҳоламаганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, минглаб мухлислар автомобили ортидан эргашган.
Нега айнан Ичан қалъа?
Хиванинг қадимий Ичан қалъаси 1990 йилда UNESCO Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда эътироф этилган тарихий масканларидан бири бўлган ушбу ҳудудда Калта Минор, Исломхўжа минораси, Жума масжиди ва Кўҳна Арк каби ноёб меъморий обидалар жойлашган.
Қадимий деворлар, тор кўчалар ва асрлар давомида сақланиб қолган меъморий ёдгорликлар Ичан қалъага ўзига хос кўриниш беради. Шу боис бу маскан халқаро миқёсдаги видеолойиҳалар учун ҳам катта қизиқиш уйғотиши мумкин.
Видео қачон эълон қилинади?
Ҳозирча суратга олинаётган видеонинг қачон намойиш этилиши ва қандай форматда тайёрланиши ҳақида расмий маълумот берилмаган. Шунингдек, жамоа Ичан қалъанинг айнан қайси қисмларида тасвирга олиш ишларини олиб бораётгани ҳам очиқланмаган.
Шунга қарамай, MrBeast жамоасининг Хивага ташрифи Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини халқаро аудиторияга танитиш нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотмоқда.































Изоҳлар 0
…