Саида Мирзиёева Сержио Гор билан АҚШнинг улкан ҳарбий кемасига ташриф буюрди

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси, шунингдек, АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан бирга Ҳинд океанида жойлашган «USS George Washington» атом авианосерига ташриф буюрди.
Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
«Бу улкан кеманинг тузилиши, ноёб технологиялари билан танишиш ва экипаж аъзоларининг фаолиятини кузатиш ўзгача таассурот қолдирди», — деб ёзди у.
Ташриф давомида меҳмонларга ҳарбий кеманинг ички тузилиши, техник имкониятлари ва экипаж фаолияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Carrier Air Wing 5 авиация қанотига тегишли самолётларнинг парвоз намойиши ташкил этилди. Меҳмонлар авианосернинг учиш майдончасидаги авиация операцияларини ҳам кузатди. Ташриф 20 ноябрь куни бўлиб ўтган.
Маълумот учун, «USS George Washington» (CVN-73) — АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг «Нимитс» тоифасидаги олтинчи атом авианосери бўлиб, мамлакатнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон шарафига номланган.
Кема 1990 йилда сувга туширилган ва 1992 йил 4 июлда расман фойдаланишга топширилган. Унинг узунлиги 333 метрни, тўлиқ юкланган ҳолатдаги сув сиғими эса 100 минг тоннадан ортиқни ташкил этади.
Авианосер иккита ядровий реактор ёрдамида ҳаракатланади. Унинг бортида қирувчи самолётлар, разведка самолётлари ва вертолётларни ўз ичига олган 60 дан ортиқ ҳаво кемаси жойлашиши мумкин. Экипаж ва авиация ходимларининг умумий сони эса 5 минг нафардан ошади.
Ҳозирда «USS George Washington» Япониянинг Ёкосука шаҳрида жойлашган бўлиб, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги асосий ҳарбий кемаларидан бири ҳисобланади.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…