Зироат Мирзиёева Иорданияда Қуръони каримда тилга олинган "Ашобул Каҳф" мажмуасини зиёрат қилди

Зироат Мирзиёева Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи доирасида мамлакат маликаси Марям Ғозий ҳамроҳлигида Амман шаҳри яқинидаги «Уйқудаги етти ёш ғори» — «Ашобул Каҳф» тарихий-диний мажмуасига ташриф буюрди.
Мазкур маскан ислом тарихида муҳим ўрин тутадиган, диний таъқиблардан қочиб, ғорга паноҳ топган йигитлар ҳақидаги машҳур қисса билан боғлиқ. Ривоятга кўра, улар ўз эътиқодларини сақлаб қолиш мақсадида ғорга яширинган ва Аллоҳнинг иродаси билан узоқ вақт уйқуда қолган. Шу сабабли бу жой «Етти ухловчи» ёки «Ашобул Каҳф» номи билан танилган.
Ушбу воқеа Қуръони каримнинг «Каҳф» сурасида ҳам баён этилган. Унда йигитларнинг ғорда узоқ муддат қолганига оид маълумотлар келтирилади. Хусусан, суранинг 25-оятида уларнинг ғорда 300 йил, яна тўққиз йил қолганига ишора қилинади.
Иорданиядаги «Ашобул Каҳф» мажмуаси ана шу қисса билан боғлиқ зиёрат масканларидан бири сифатида эъзозланади. У нафақат мамлакатнинг тарихий-диний меросида, балки мусулмонлар маънавий ҳаётида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис бу ерга турли мамлакатлардан зиёратчилар ва сайёҳлар ташриф буюради.
Зироат Мирзиёеванинг ушбу мажмуага ташрифи Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги давлат ташрифи доирасида амалга оширилган маданий-маърифий тадбирлардан бири бўлди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…