Тошкент ҳавоси нега ифлосланмоқда ва чанг қачон тарқалади?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тошкент шаҳрида кузатилаётган ҳаво ифлосланишига ёғингарчиликнинг камлиги, ноқулай метеорологик шароитлар ва атмосфера ҳавосининг табиий алмашинувидаги ўзгаришлар сабаб бўлмоқда.
- Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Фаррух Саттаровнинг қайд этишича, октябр ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан қарийб олти баравар кам бўлиб, бу чанг зарраларининг атмосферада тўпланишига олиб келди.
Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилаётган ҳаво ифлосланишига ноқулай метеорологик шароитлар ва табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Ёғингарчиликнинг камлиги, шамол ва атмосфера ҳавосининг табиий алмашинувидаги ўзгаришлар ҳаво сифатига таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Фаррух Саттаров маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил октябрь ойининг 26-кунига қадар Тошкент шаҳрида атиги 3,9 миллиметр ёғингарчилик кузатилган. Ойлик меъёр эса 23,7 миллиметрни ташкил этади. Демак, ёғингарчилик миқдори меъёрдан қарийб олти баравар кам бўлган. Бу эса ҳаводаги чанг зарраларининг ёғин орқали ювилиб кетишини қийинлаштириб, уларнинг атмосферада тўпланишига шароит яратади.
Ноқулай об-ҳаво шароитлари 57 фоизга кўпайган
Илмий кузатувларга кўра, сўнгги ўн йилликда атмосфера ҳавосининг табиий алмашинуви билан боғлиқ жараёнларда ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, совуқ ярим йилликда кучли шамол ва ёғингарчилик камлиги билан боғлиқ ноқулай метеорологик шароитлар олдинги йилларга нисбатан 57 фоизга кўпайган. Бундай ҳолатлар ҳавонинг табиий равишда тозаланишини қийинлаштириши мумкин.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳаво сифатидаги ўзгаришларни мониторинг станциялари ва сунъий йўлдошлар орқали кузатиб бормоқда. Октябрь ойининг 1–26-кунлари бўйича SILAM модели асосида олинган маълумотлар AQI ҳаво сифати индекси билан таққосланган.
Таҳлиллар чанг массалари Тошкент ва унга туташ ҳудудларга кириб келган вақтда ҳаво сифати индекси ҳам кўтарилганини кўрсатган. Масалан, октябрь ойининг 4–5-кунларида ёғингарчилик кузатилиб, AQI индекси 66–71 даражада бўлган. Кейинги кунларда эса ёғингарчиликнинг камлиги ва чанг тўпланиши фонида ҳаво сифати ёмонлашган.
Тошкент ва қўшни вилоятларда чанг массалари кузатилган
Европанинг EUMETSAT платформаси ва Метеосат сунъий йўлдошидан олинган тасвирларда 25–26 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ҳамда унинг атрофида йирик чанг массалари қайд этилган. Ушбу жараён Тошкент шаҳри ва вилоятини, шунингдек, қисман Сирдарё ва Жиззах вилоятларини қамраб олган.
Мутахассислар прогнозларига кўра, чанг массаларининг таъсири ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ноқулай шароитлар келгуси ҳафтанинг бошигача давом этиши мумкин.
Хабарда таъкидланишича, ҳаво сифатини тўғри баҳолаш учун метеорологик шароитлар, чанг массаларининг ҳаракати ва мониторинг маълумотларини биргаликда таҳлил қилиш муҳим. Демак, Тошкентдаги ҳаво ифлосланишига нафақат чанг, балки ёғингарчиликнинг камлиги ва атмосферанинг табиий алмашинувидаги ўзгаришлар ҳам таъсир кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…