Иккига бўлинса ҳам яшаб қоладиган жонзот: планариянинг ноодатий қобилияти

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Планария деб аталувчи ясси чувалчанглар танаси бўлакларга ажралганда ҳам уларнинг ҳар биридан янги организм ривожланишига имкон берувчи ноёб регенерация қобилиятига эга.
- Бу жараёнда необластлар деб номланувчи махсус илдиз ҳужайралар муҳим рол ўйнаб, йўқотилган бош, асаб тизими ва бошқа аъзоларни қайта шакллантиради.
- Айрим турлар бу хусусиятдан нафақат жароҳатланганда, балки табиий кўпайиш жараёнида ҳам фойдаланади.
Табиатда шундай жонзот борки, унинг танаси бир неча бўлакка ажралган тақдирда ҳам, айрим турларида ҳар бир бўлакдан янги тирик организм ривожланиши мумкин. Гап планария деб аталадиган майда ясси чувалчанглар ҳақида кетмоқда. Уларнинг энг ҳайратланарли хусусияти — йўқотилган тана қисмларини қайта тиклаш қобилиятидир.
Планариялар, асосан, чучук сув ҳавзаларида яшайдиган ясси чувалчанглар ҳисобланади. Улар кўпинча кўзга ташланмайдиган даражада кичик бўлса-да, биология оламида регенерация қобилияти билан машҳур. Масалан, кучли регенерация хусусиятига эга айрим планарияларнинг танаси бош ва дум қисмларига ажратилса, ҳар бир бўлак етишмаётган аъзоларини қайта ҳосил қилиб, мустақил организмга айланиши мумкин.
Бу жараёнда чувалчанг танасидаги махсус илдиз ҳужайралар — необластлар муҳим роль ўйнайди. Улар турли хил ҳужайраларга айланиш хусусиятига эга. Шу сабабли тананинг шикастланган қисмида янги тўқималар, жумладан, бош, асаб тизими ва бошқа зарур аъзолар қайта шаклланади.
Олимларнинг тадқиқотларига кўра, айрим планариялар жуда кичик тана бўлагидан ҳам бутун организмни қайта тиклай олади. Янги бошнинг шаклланиши эса тур ва шароитга қараб, тахминан бир-икки ҳафта давом этиши мумкин. Дастлаб янги ҳосил бўлган организм аввалгисига нисбатан кичикроқ бўлади, кейин озиқланиш ва ўсиш ҳисобига катталашади.

Ушбу ҳодиса регенерация деб аталади. Бу — организмнинг жароҳат ёки шикастланиш туфайли йўқотган тўқима ва аъзоларини қайта тиклаш қобилиятидир.
Қизиғи, айрим планариялар бу хусусиятдан фақат жароҳатдан кейин эмас, балки кўпайиш жараёнида ҳам фойдаланади. Улар танасини табиий равишда икки қисмга ажратади, кейин эса ҳар бир бўлак етишмаётган қисмларини тиклаб, янги чувалчангга айланади.
Шу сабабли планариялар ҳозир ҳам олимлар томонидан ўрганилмоқда. Уларнинг регенерация механизмини тушуниш ҳужайраларнинг янгиланиши, тўқималарнинг тикланиши ва келажакдаги тиббий тадқиқотлар учун муҳим маълумотлар бериши мумкин.

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…