12:34 / 13.08.2017
7 993

Ўзбекистонлик бўлмаган ўзбек ёшларининг Шавкат Мирзиёевга очиқ хати

Ўзбекистонлик бўлмаган ўзбек ёшларининг Шавкат Мирзиёевга очиқ хати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жанобларига !

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Биз Ўзбекистонлик бўлмаган дунё ўзбеклари ёшлари сизга мурожаат қилмоқдамиз!

Ўтмишимиздан маълумки, Оқпошшо ва совет босқинининг аянчли даврлари, террор балоси, Афғонистон ва Покистондаги урушлар ҳозирда 50 миллиондан ортиқ бўлган ўзбек миллатини ҳар ерга парчалаб юборди!

Бугунимизда Ўзбекистондан ташқарида 20 миллиондан ортиқ ўзбек миллатига мансуб инсонлар яшамоқдалар.

Ҳурматли Юртбоши! Афғонистон ва покистонлик ўзбекларимизнинг аҳволлари ҳавас қиладиган даражада эмас. Ўзингизга маълумки, Афғонистондаги ва Покистондаги террор балолари, урушлар Афғонистон ва Покистон ўзбекларини дунё ўзбекларидан анча вақтга узиб қўйганди .

Тангрига шукур, Ўзбекистонимиз ҳам эркинликка эришиши билан дунё ўзбекларига ёрдам қўлини чўза бошлади. Хусусан, Афғонистонда Ўзбекистон номидан мактаблар қуриб берилди, Қирғизистонда эса сизнинг буйруғингиз билан Ўзбекистон ҳукумати Ўш шаҳрида ўзбекларга мактаб қуриб бермоқда, биз бундан миннатдормиз.

Жаноб Юртбоши. Шукур, охирги даврларда дунё ўзбеклари бир-бирларини изламоқдалар, қайтадан алоқаларни тикламоқдалар.

Дунё ўзбекларининг яқинлашишида, албатта, 1996 йили Ўзбекистоннинг биринчи Президенти томонидан лотин алифбоси расман қабул қилиниши асосий роль ўйнади!

Биз лотин ёзуви орқали Отаюртимиз Ўзбекистонга қайта боғлана олдик!

Мана шу хайрли иш туфайли лотин алифбоси жорий бўлгандан кейин маданий алоқалар Ўзбекистондан бошқариладиган онлайн-порталлар ва кутубхоналар туфайли қайтадан тикланди. Афғонистондаги 10 миллионга яқин ўзбекларда ва бошқа давлатдаги ўзбекларда тил ва ўзликни кучайтириш учун янги умид туғилди. Ҳар куни афғонистонлик юздан ортиқ ўзбеклар лотин алифбоси туфайли, ўзларининг она тилига бўлган чексиз севгиси ва талаби туфайли мана шу онлайн-кутубхона ва онлайн-порталлардан фойдалана бошлади.

Биз Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар куни кеча ўзбекистонлик бир адабиётшунос кирилл ёзувига қайтайлик, деган очиқ хатни сизнинг қабулхонангизга юборганини эшитиб, ҳақиқатан, яна маънавий алоқамиз узилади, деган хавотирга бордик.

Жаноб Президент! Афғонистонда ўзбек тили таълим тизими 0 фоизга тенглиги сабаб араб ва форс тилларига қоришиб, йўқ бўлиб кетиш арафасида қолган пайтда биз лотин ёзуви билан интернет ресурслари орқали Ўзбекистон ва бошқа ерлик ўзбеклар билан алоқани тикладик, тилимизни ҳам мана шу интернет орқали қайта ўрганмоқдамиз! Лотин ёзувидаги электрон китоблар билан буюк аждодларимиз асарларини ўқиб бормоқдамиз!

Шавкат Миромонович, сиздан ҳурмат ва адаб ила истаймизки, лотин алифбоси Ўзбекистонда ягона ёзув бўлсин, дунё ўзбеклари ила Ўзбекистон ўзбеклари орасидаги ришта узилмасин!

Сизга таклиф қилинган кирилл ёзувини қайтадан Ўзбекистонда расмий ёзув қилиш истагида бўлганларга рад жавобини бериб, ўзбекистонликлар ва бутун дунё ўзбекларига қулай бўлган ўзбек лотин алифбосини яна қайта мукаммал қилиб яратишингизни илтимос қилиб қоламиз!

Ҳурмат билан Ўзбекистонда туғилмаган ўзбек ёшлари:

Хайир Салжуқий - Афғонистон

Баҳром Баҳруддин Баҳоий - Афғонистон

Асадуллоҳ Эркин - Афғонистон

Жавлон Анваров - Қирғизистон

Раҳмонжонов Баҳром - Қирғизистон

Зикрилло Мирзаев - Қозоғистон

Ҳамдам Ҳошим - Афғонистон

Холёр Аминхон - Афғонистон

Абдулҳамид Пардаев - Ўзбекистон

Отабек Умар - Ўзбекистон

Ҳайир Муҳаммад Улус - Покистон

Назарбек - Саудия Арабистони

Моҳиб Ҳамидий - Афғонистон

Розиа Шаран - Афғонистон

Ҳусамуддин Тўйғон - Афғонистон

Алим Кўҳкан - Афғонистон

Нодир Ҳикмат Кулели - Туркия


Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонлик бўлмаган ўзбек ёшларининг Шавкат Мирзиёевга очиқ хати