20:53 / 28.09.2018
8 953

Иқлим ўзгаришлари Ўзбекистонга қандай таъсир қилмоқда?

Иқлим ўзгаришлари Ўзбекистонга қандай таъсир қилмоқда?
Бугун “иқлим ўзгаришлари”, “глобал исиш”, “экологик танглик”, “иссиқхона эффекти” сингари тушунчалар тилимизга анча ўрнашиб қолди. Қолаверса, омммавй ахборот воситалари бу ҳақда анчадан бери тинимсиз бонг уриб келаётир.

Ўзи нималар бўляпти

Аслида, иқлим ўзгаришлари бир-икки йилда юзага келадиган ҳодиса эмас. Зотан, сайёрамиз тарихида унинг теграсидаги ҳарорат мунтазам равишда ўзгариб келган. Бу жараёнлар кўплаб жониворлар ёки ўсимликларнинг йўқолиб кетиши, ўзгача ҳаёт тарзи, янгича тириклик белгилари пайдо бўлишига замин яратган.

Жаҳон метеорология ташкилотининг маълумотларига кўра, минг йиллар давомида углерод табиий усулда биосфера, атмосфера ва дунё океани бўйлаб бир хил меъёрда ҳаракатланиб келган. Бу жараён атмофсерада карбонад ангидрид ва бошқа газларнинг ҳаводаги миқдорини меъёрида тутиб келган.

Сўнгги бир ярим асрда иқлим ўзгаришларига инсон омили катта роль ўйнаётир. Ишлаб чиқариш шиддат билан ривожланиб, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндилар миқдорининг ортиши, демографик ўсиш, автомобилларнинг кўпайиши ҳавонинг ўртача ҳарорати ортишига сабаб бўляпти. Иқлимни мўътадил сақлашда катта аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар майдони йилдан йилга қисқариб бораётир.

Шундай давом этаверса, асримиз охирларига бориб, ҳавонинг ўртача ҳарорати +4 даражага ошади. Бу эса, Антарктида, Гренландия ва Шимолий қутбда катта миқдордаги асрий музликларнинг эриб, океанга қўшилиши, дунё океани сатҳининг кўтарилиши натижасида қуруқликдаги кўплаб шаҳарлар, кичик оролларнинг сув остида қолиши демакдир.

Мутахассислар фақатгина ҳавога углерод газлари чиқариш миқдорини қисқартириш орқали иқлим ўзгаришларининг олдини олиш мумкин дейишмоқда. Шу сабабли дунёдаги 180 дан ортиқ корхона энергиядан қайта тикланадиган манбаларидан фойдаланиш йўлига ўтмоқда. 18 та трансмиллий корпорациялар тўлиқ электромобиллардан фойланишни режалаштирган.

Саммитлар ва ҳужжатлар иш беряптими?

Ўтган асрнинг охирларида глобал исишнинг олдини олиш дунё ҳамжамиятини эътиборини тортди. 1992 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенцияси қабул қилинди. 1997 йили Японияда иқлим ўзгаришларига олиб келувчи «парник газ»ларини атмосферага чиқаришни қисқартириш юзасидан Киото протоколи имзоланди. 2005 йил 16 февралдан расмий кучга кирган протоколни дунёнинг 156 давлати ратификация қилган.

Киото протоколига мувофиқ саноат ривожланган давлатлар 2008-2012 йилларгача ўрта ҳисобда атмосферага «парник газ»лари чиқаришни 1990 йилдаги кўрсаткичдан 5 фоизга қисқартириши лозим эди. Бунинг учун ҳар бир давлатга аниқ квоталар белгиланди. Аммо, бу келишув амалда кутилган натижаларни бермади.

2015 йилнинг 30 ноябрь-12 декабрь кунлари ушбу протоколнинг давоми ўлароқ, Парижда ўтказилган саммитда 80 мамлакат вакиллари қатнашди. Битимдан кўзланган мақсад ҳароратнинг глобал ўсишини Цельсий шкаласи бўйича ўртача 2 даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳарорат ўсиши 1,5 даражада чекланиши учун саъй-ҳаракатларни ишга солишдан иборат.

Табиатда «парник газ»лари камайишини тезлаштириш учун конференцияда иштирок этган давлатлар ўз зиммаларига янги мажбуриятларни олган. Масалан, Россия 2030 йилга бориб атмосферага СО2 (карбонат ангидрид) гази чиқаришни 1990 йилдаги кўрсаткичдан 30 фоиз камайтириши жоиз. Атмосферага углерод газлари чиқариш бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда турувчи АҚШ эса 2025 йилга бориб, 2005 йилдаги кўрсаткични 26-28 фоиз қисқартириши шарт.

Албатта, тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Аҳоли сонининг ўсиб бориши ишлаб чиқариш ва саноатни ҳам ривожлантиришини талаб этмоқда. Бироқ, техноген жараёнлар шу тахлит ривожланаверса сайёрамизни муқаррар хавф-хатар кутади.

Шу боис, углеводород унинг ўрнини босувчи, нисбатан арзон, атроф-муҳит учун хавфсиз ресурслар, жумладан, қуёш, шамол, сув, атом ва бошқа энергия манбаридан фойдаланиш ҳақидаги таклифлар илгари сурилмоқда.

Кейинги беш йил жуда иссиқ келади

Саммитлар ўтказилгани, ҳужжатлар имзоланганига қарамай, ҳозирча иқлим ўзгаришларида “ўзгариш” сезилмаяпти. Сайёрамизнинг иқлимий келажаги ҳақида олимлар якдил хулосага келишгани йўқ. Бир гуруҳ олимлар иқлим ўзгаришлари глобал ҳарорат кўтарилишига олиб келмоқда, деган фикрни илгари сурса, бошқа бир гуруҳ глобал музлик даври юзага келишини яқинлаштиради, деган фикрни билдиришган.

Жорий йил қиш ойларида шимолий минтақаларда ҳаво кескин совуб кетгани, ёз эса кутилганидан анча иссиқ келгани, Япония, Канада, Греция сингари мамлакатларда ҳавонининг меъёридан иссиқ келиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқаргани ўрмон ёнғинлари юз бергани, юзлаб инсонлар нобуд бўлгани ҳам айни ҳақиқат.

Яқинда Брест ва Саутгемптон университетлари мутахассислари 2018 йилдан бошлаб кейинги тўрт йил давомида сайёрада ҳарорат қўшимча 0,03 даражага кўтарилишини аниқлашди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш эса, ўз чиқишида иқлим ўзгаришларининг ақл бовар қилмас оқибатлари ақида тўхталиб ўтди. Биргина ўтган йили иқлим ўзгаришлар туфайли юз берган табиий офатлар жаҳон иқтисодиётига 320 млрд доллардан ортиқ зарар келтирган.

Гутерришнинг айтишича, ўрмонларни тиклаш учун киритилган 1 долларлик сармоя 30 доллар фойда келтириши, қайта тикланадиган энегрия манбаларидан фойдаланиш 1 млрд кишини электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Жорий ҳафтада АҚШнинг Каллифорния штатида иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро саммит, йил сўнгида эса, Польшанинг Катовице шаҳрида шу масалада музокаралара ўтказилиши кўзда тутилган.

Бизнинг минтақада аҳвол қандай?

Табиийки иқлим ўзгаришлари кейинги ярим аср ичида бизнинг минтақага ҳам сезиларли таъсир ўтказди. Бир пайтлар мавжланиб ётган Орол денгизи майдони ўнлаб бараварга қисқариб, унинг ўзани қақроқ саҳрога айланди.

Сўнгги йилларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида Сирдарё ва Амударёни сув билан таъминлайдиган Помир ва Тяньшань музликлари шиддат билан эриб бормоқда. Тожикистон ҳамда Қирғизистон вакиллари баъзи музликлар 20-30% эриганини айтишмоқда. Бир неча ўн йилликлар ичида эса бу музликларнинг ярмидан кўпи эриб битиши мумкин.

Минтақамизда ичимлик сувининг 80 фоизи ана шу музликлардан келишини ҳисобга олсак, уларнинг эриши яқин келажакда сув танқислигини келтириб чиқариши мумкин.

“Ўзгидромет” маълумотлари Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгаришлари ўз таъсирини кўрсатаётганини исботламоқда, Мамлакатимизда об-ҳавони кузатиш 1872 йилдан бошланган. Биргина Тошкент шаҳрида ўртача йиллик ёғин миқдори 423,4 миллиметрни ташкил этган бўлса, ўтган бир аср давомида бу кўрсаткич 60 мм.га ошган. Сўнгги юз йиллик кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, биргина Тошкент шаҳрида ўртача йиллик ҳарорат 1.7 даражага ошган. Айни пайтда сайёрамиз миқёсида бу кўрсаткич 0.7-0.8 даражани ташкил қилади.

Ўтган ёзда ҳам ҳаво ҳароратининиг кескин кўтарилганига гувоҳ бўлдик. Жойларда 45 даражадан юқори ҳарорат кузатилди.

Кўпчиликни узоқ келажак эмас, яқин кунларда кутилаётган ўзгаришлар қизиқтириши табиий. Кейинги йилларда октябрь ойи ҳам анча илиқ келган. 2002-2003 йилларда ушбу ойда ҳарорат +34-35 даражага кўтарилган. Ойи охирида ҳарорат +31-32 даражани ташкил этган. Октябрь ойи учун энг паст ҳарорат сўнгги даврларда 2016 йилда кузатилган бўлиб, ҳаво ҳарорати -2-4 даража совуққача тушиб кетган. Ноябрь ойи 2010 йил жуда қуруқ келган бўлса, 2011 йилда серёғин келган.

Нима қилмоқ керак?

Иқлим ўзгаришларининг нохуш оқибатларига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик фаол йўлга қўйилган. Ўзбекистон юқорида тилга олинган халқаро шартнома ва битимларга қўшилган. Жумладан, 2016 йил 19 апрель куни Ўзбекистон Париж битимига қўшилди.

Жойларда кейинги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муҳитининиг ривожланиши, муносабатларнинг илиқлашиши иқлим ўзгаришларини мувофиқлаштиришга ҳам ижобий таъсир қилиши мумкин. Хусусан август ойида Туркманистонда Орол муаммосига бағишлаб ўтказилган саммитда ҳам минтақадаги давлат раҳбарлари ана шу масалаларни кенг муҳокама қилиб, зарур чора-тадбирларни белгилаб олишди.

Бироқ, бу масала фақат давлат идоралари, соҳа мутахассислари зиммасидаги вазифа эмас. Ҳар бир инсон глобал исиш, иқлим ўзгаришларининг олдини олишга қўлидан келганча ҳисса қўшиши шарт. Ишлаб чиқариш корхоналарида асосан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, имкон қадар экологик тоза транспорт воситалари (велосипед, электромобил) хизматидан фойдаланиш, йирик шаҳаларимизда автомобилсиз кунларни жорий этиш, кўп миқдорда ёқилғи сарфлайдиган автомашиналар учун тўловларни ошириш сингари чоралар ҳам маълум маънода иқлим ўзгаришларини чеклашга ёрдам бериши мумкин.

Ҳудудларда, айниқса шаҳар жойларида дарахтзорларни янада кўпайтириш, дарахтларнинг асоссиз кесилишига йўл қўймаслик керак. Зотан, табиий бойликларимизга эҳтиёткорона муносабатда бўлсак, сув, газ, электр энергиясининг ортиқча сарфига йўл қўймасак, ўзимиз яшаётган ҳудуд, ҳовли ёки кўчанинг тоза ва озодалигига эътибор қаратсак, нур устига нур бўлур эди.

Манба: darakchi.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Иқлим ўзгаришлари Ўзбекистонга қандай таъсир қилмоқда?