21:21 / 24.10.2018
3 930

Олий таълим масалалари бўйича йиғилиш: Квота тизимидан воз кечилади

Олий таълим масалалари бўйича йиғилиш: Квота тизимидан воз кечилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Кейинги йилларда олий таълимни янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Замонавий таълим стандартлари, талабаликка қабул қилишнинг шаффоф тизими жорий этилди. Жорий йилда умумий қабул квоталари ўтган йилгига нисбатан 30 фоизга ошди.

Президент қарорлари билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш бўйича дастурлар профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

2018 йилда мамлакатда 13 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, «Ипак йўли» туризм халқаро университети, Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиали, Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг Пучон университети фаолият бошлади.

Давлат раҳбарининг жорий йил 25 сентябрдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғарма хориждаги салоҳиятли ватандош олимларимиз, мутахассислар ва экспертларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга фаол жалб этиб, иқтидорли ёшларни ривожланган мамлакатларда таълим олиши, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотларда малака оширишига кўмаклашади.

Жорий йилда илк бор халқаро тажрибалар асосида олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги яратилиб, таълим ва илмий-тадқиқот жараёнлари таҳлил қилинди. Мазкур таҳлил натижасида соҳада қатор муаммо ва камчиликлар борлиги маълум бўлди.

Жумладан, олий таълим муассасалари қабул квотаси қамрови умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига нисбатан 7-9 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Россияда 74, Корея Республикасида 96 фоиздир.

Йиғилишда олий таълим муассасаларининг нуфузи, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти халқаро илмий ҳамжамиятда муносиб ўринга эга эмаслиги қайд этилди. Таълим жараёнига дунёда тан олинган фан арбоблари, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш яхши йўлга қўйилмагани танқид қилинди.

Ректор ва проректорларни тайинлашда профессор-ўқитувчиларнинг фикри ўрганилмаётгани оқибатида янги тайинланган раҳбарнинг жамоа билан ишлаш самарадорлиги етарлича бўлмаяпти.

Илм-фанни ривожлантириш, тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, илмий фаолият натижадорлигини ошириш, иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб бориши учун зарур шароитлар яратилмаган.

Таълим жараёнига инновацион методикаларни жорий этиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқариш билан ҳамоҳанглигини таъминлаш ва энг асосийси, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ишлари умуман қониқарсиз аҳволда.

Олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, уларни аттестациядан ўтказиб, аккредитациялаш, хужжатларни нострификациялаш тартиблари бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди.

«Иқтисодиёт шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, олий таълим тизими тараққиётнинг локомотиви бўлиши ўрнига, биз билан ҳамқадам бўлмагани ачинарли ҳол. Меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришга жавоб берадиган, ёшларимизга касб-ҳунар ўргатадиган, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирадиган тизим йўқ десак, бу ҳам аччиқ ҳақиқат», – деган давлат раҳбари.

Шу боис соҳада кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Талабалар қабулининг соддалашган тизимини жорий этиш орқали қабул жараёнини квота тизимидан давлат буюртмаси ва табақалашган тўлов-контракт тизимига ўтказиш кераклиги таъкидланди. Олий таълим муассасаларининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, педагог кадрларнинг илмий-педагогик фаолиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида марказлашган молиялаштиришдан ўз-ўзини молиялаштириш ва иқтисодий мустақил тизимга ўтиш вазифаси қўйилди.

Ректорлар ва проректорларни тайинлашни соддалаштириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини доимий баҳолаш, манзилли рағбатлантириш, масъулият ва жавобгарлигини ошириш тизимини яратиш лозимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари таълимдаги энг асосий тамойил – бу талабалар билимини баҳолаш, ўқув дастурлари ҳамда мавжуд таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш кераклигини таъкидлади.

Бугунги кунда фаолият олиб бораётган 1 минг 318 та касб-ҳунар коллежларини оптимизация қилиш жараёни яна бир долзарб муаммодир. Президент бу масалага ҳали ҳам аниқ ечим топилмаганини танқид қилди.

Йиғилишда меҳнат бозоридаги талабни тўла таъминлаш, қолаверса, ёшларни таълим билан банд қилиш мақсадида ўрта махсус, касб-ҳунар тизими негизида ҳудудларнинг реал иқтисодий йўналишлари асосида олий таълимнинг бакалавриат дастури билан интеграциялашган «олий мактаб»лар – қисқа муддатда кадрлар тайёрлашга ихтисослашган кўп тармоқли таълим муассасалари, ишчи касб эгаларини тайёрлаш мақсадида янги ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимини шакллантириш кераклиги таъкидланди.

Ўзбекистон ректорлар кенгашининг ишига баҳо берилар экан, бу тизимни ҳам тубдан такомиллаштириш вақти келгани таъкидланди. Ректорлар малакасини баҳолаш, бунда уларнинг маънавий-маърифий ва илмий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда мутасаддиларга олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича 2018-2023 йилларга мўлжалланган беш йиллик концепция ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Шу билан бирга, хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг ватанга қайтиб келишига шароит яратиш мақсадида хорижий олий таълим муассасалари дипломларини тан олиш ва нострификациялаш тартибини янада соддалаштириш, олий таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда Ўзбекистон-Россия таълим форуми натижаларига ҳам эътибор қаратилди.

Маълумки, ушбу форум якунида россиялик ҳамкорлар билан таълим ва илмий фаолиятга оид 114та шартнома ва келишув имзоланган. Жумладан, Ўзбекистонда Россиянинг 6та нуфузли олий таълим муассасаси филиаллари ва 2та факультет очилиши, 52та қўшма таълим дастурлари жорий этилиши назарда тутилган. Ҳар бир келишув бўйича «йўл харита»лари ишлаб чиқилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур «йўл харита»ларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳар бир филиал, факультет ва қўшма дастурлар бўйича тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалий ижросини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ташкил этилаётган ушбу факультетларни келгусида филиалга айлантириш, қўшма дастурларни эса факультетларга ўтказиш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш чораларини кўриш истиқболдаги вазифалардир.

Илм-фанни ривожлантиришга қаратилган келишувлар асосида профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳиятини мустаҳкамлаш, малакасини ошириш, олий таълим тизимига илмий-технологик ишланмалар ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент келаси йил Россияда ўтадиган навбатдаги форумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ҳозирдан аниқ режаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Олий таълим масалалари бўйича йиғилиш: Квота тизимидан воз кечилади