10:18 / 25.10.2018
4 544

Ҳукумат қарори: пропискага қўйиш тартиби такомиллаштирилди

Ҳукумат қарори: пропискага қўйиш тартиби такомиллаштирилди
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Адлия вазирлиги телеграм-каналида хабар қилинишича, низом билан фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби белгиланди (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича алоҳида қарор мавжуд).

Низомга мувофиқ фуқаро вилоятларда доимий пропискага эга бўлиш учун туман (шаҳар) Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

• ариза;
• паспорт;
• контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
• уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
• уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси;
• никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, шунингдек, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
• прописка учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Бунда турар жой мулкдори ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни пропискадан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматга мажбур шахсларни прописка қилиш улар мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳарбий ҳисобга қўйилганларидан кейин амалга оширилади. 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар ҳарбий ҳисобга қўйилишлари керак.

Ҳужжатлар уч иш куни мобайнида текширилади ҳамда фуқарога белгиланган тартибда доимий прописка расмийлаштиради.

Фуқарони вилоятда турган жойи бўйича ҳисобга олиш эса уни доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан беш кундан бир йил муддатга амалга оширилади.

Вилоятларга беш кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди.

Шунингдек, фуқаро вилоятда ҳисобга туриш учун келган кунидан бошлаб беш кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

• ариза;
• паспорт;
• контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Қуролли Кучлар офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
• туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ва 3,5х4,5 мм ўлчамдаги иккита расм – 16 ёшга тўлмаган шахслар учун;
• уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги);
• уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);
• ҳисобга олинганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилгандан кейин ўша куннинг ўзида ариза берувчига турган жойида ҳисобга олиш тўғрисида фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатга қайд варағини ёки BARE-CODE билан ҳимояланган қайд варағини (2019 йил 1 апрелдан бошлаб) беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ҳукумат қарори: пропискага қўйиш тартиби такомиллаштирилди