22:00 / 24.04.2019
4 111

Президент қарори: 9 май куни байрам салюти отилади, ҳарбий техника намойиш этилади

Президент қарори: 9 май куни байрам салюти отилади, ҳарбий техника намойиш этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қарор билан 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури маъқулланди. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Ишчи гуруҳ (А.Арипов):
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлайди ва жойларда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга амалий ёрдам кўрсатади;

Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакилларини бириктириб, ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этади;

ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

Байрамга тайёргарлик кўриш давомида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ қилиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилади;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси президенти номидан бирйўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топширади;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизматини ташкил қилади;

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан кетиб ғалабага ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган ва уруш қаҳрамони бўлган фахрийлар номларини абадийлаштириш мақсадида ўзлари туғилиб ўсган кўчаларга уларнинг номларини бериш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида уларни республика ҳудудидаги санаторияларга бепул юборилишини ташкил этади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техника намойишини ташкил этади;

Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушига алоқадор архивдан олинган фото ва ҳужжатлар кўргазмасини ташкил этади;

Ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилишини, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда:

вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари, дастурхон тузаш ва тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этадилар;

кўчалар ва майдонлар Байрамга бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилишини таъминлайдилар.

Белгилаб қўйилишича, ўтказиладиган Байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, зарур ҳолларда тегишли кийим-кечаклар билан таъминланиши:

- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
- Тошкент шаҳрида – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 2019 йил 9 май соат 21:00да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тантанали тадбирлар ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлайдилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент қарори: 9 май куни байрам салюти отилади, ҳарбий техника намойиш этилади