Янги Валдай 45 Pro: Россияда магистрал тягач ишлаб чиқариш бошланди

“Нижегородские грузовие автомобили” корхонасида янгиланган Валдай 45 Pro магистрал тягачини ишлаб чиқаришга старт берилди. Ушбу модел биринчи версиянинг чуқур модернизацияси натижаси бўлиб, транспорт компанияларининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Автомобилнинг асосий техник ўзгариши унинг куч агрегатида намоён бўлади: двигател қуввати эндиликда 490 от кучига етказилган. Шунингдек, трансмиссия ҳам қайта кўриб чиқилиб, асосий узатманинг узатиш сони 2,714 гача пасайтирилди. Бу ўзгариш трассада ҳаракатланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.
Янги Валдай 45 Pro ёнилғи бакларининг умумий ҳажми 1040 литргача кенгайтирилиши ҳисобига узоқ масофаларга тўхтовсиз юриш имкониятига эга бўлди. Ташқи кўринишда эса тўлиқ светодиодли оптика ва янгиланган экстериер элементлари кўзга ташланади. Салон ичида янги асбоблар панели, такомиллаштирилган мультимедиа тизими ва смартфонни улаш функцияси пайдо бўлди.
Хавфсизлик тизимлари қаторига фавқулодда тормозлаш, тепаликка кўтарилишда ёрдам бериш ва ҳайдовчининг ҳолатини мониторинг қилиш тизимлари киритилган. Шунингдек, маневр қилишни осонлаштириш учун автомобилга атрофни тўлиқ кўриш имконини берувчи камералар ўрнатилган.
Валдай 45 Pro ишлаб чиқариш жараёни пайвандлаш, бўяш ва йиғишни ўз ичига олган тўлиқ сиклда амалга оширилмоқда. Тягачга Россияда ишлаб чиқарилган телематика тизимлари, шиналар, аккумуляторлар, автоном иситгичлар ва ойналар каби кўплаб бутловчи қисмлар ўрнатилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!