Lada Азимут ва бошқа моделлар учун 5 тонналик махсус калибрлар қўлланилмоқда

AvtoVAZ компанияси Lada автомобилларини ишлаб чиқаришда деталларни мослаштириш ва оралиқ масофаларни назорат қилиш технологияси ҳақида маълумот берди. Жараёнда асосий восита сифатида махсус назорат калибри — 3D-моделлаштириш асосида яратилган ва оғирлиги 5 тоннадан ортиқ бўлган алюминий корпус эталони хизмат қилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, ушбу калибр осма элементларнинг аниқлигини 0,2 мм гача бўлган хатолик билан текшириш имконини беради. Бу тахминан икки варақ қоғоз қалинлигига тенг кўрсаткичдир. Бундай ёндашув деталларнинг қийшайишларсиз ва сезиларли тирқишларсиз, максимал даражада зич ва текис ўрнатилишини таъминлайди. Текширув давомида муҳандислар ўлчовларни махсус ускуналар ва 3D-сканерлар ёрдамида амалга оширадилар.
Мазкур тизим Lada Веста, Lada Искра ва янги Lada Азимут кроссоверини ишлаб чиқишда ҳам қўлланилмоқда. Lada Азимут модели учун 800 дан ортиқ янги бутловчи қисмлар кўзда тутилган бўлиб, уларнинг 130 га яқини бевосита кузов геометриясига таъсир қилади. Янги кроссовернинг серияли ишлаб чиқарилиши сентябрь ойида бошланиши кутилмоқда.
Lada Азимут бошланғич босқичда 1,6 литрли (120 от кучи) атмосфера двигатели ва 6 поғонали механик узатмалар қутиси, шунингдек, 1,8 литрли (132 от кучи) двигател ва вариатор билан таклиф этилади. Автомобил ГигаЧат тизимига эга мультимедиа, тўлиқ светодиодли оптика, айланма кўриниш камералари ва панорамали том билан жиҳозланади. Кейинчалик 390 от кучига эга гибрид ва тўлиқ узатмали версияси ҳам чиқиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!